NAMNEWS.UZ—Маънавий-маърифий,ижтимоий-сиёсий,ахборот

 Қисқа сатрларда
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси танлов эълон қилади. 19:25 09/04/2018
{$info.title|escape:'html'}

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси Наманган шаҳар давлат ҳизматлари марказининг (аввалда “Карбонам” МЧЖга қарашли бўлган) янги биносини жиҳозлаш учун мебел ва жиҳозлар харид қилиш бўйича ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчилар ўртасида танлов эълон қилади.

Батафсил
Наманганлик Гулмирадан антиқа тўқилган оёқ кийимлар 11:30 19/04/2018
{$info.title|escape:'html'}

Гулмиранинг қўл меҳнати маҳсулотлари жуда бежирим, пишиқ ва мустаҳкам бўлиб, оёқ кийим таглигини олиб, пойафзалнинг устки қисмини турли безаклар билан безатган. Энг муҳими, кийиш учун жуда қулай.

Батафсил
Учқўрғон туманида картинг бўйича вилоят очиқ биринчилиги бўлиб ўтди 09:11 14/04/2018
{$info.title|escape:'html'}

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган мусобақада мезбонлар билан бирга, Андижон, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва пойтахтдан келган спортчилар беллашди.

Батафсил
Миллий қадриятларимизнинг мусиқий ифодаси 09:07 14/04/2018
{$info.title|escape:'html'}

Наманган санъат коллежида Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мақомчилар ансамблининг тақдимот концерти бўлиб ўтди. 

Батафсил
Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида 09:03 14/04/2018
{$info.title|escape:'html'}

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Батафсил

514-ХОНА

Июль 04
19:59 2017

 

Ҳикоя

Раҳматли дўстим Сардор Мўминовга бағишлайман.

 

Муҳаббат ҳақида кўп ўқиганман. Ҳатто баъзан ўша машҳур қаҳрамонларга ўхшагим, азоб чекким келади. Ахир, бу шундоқ туйғу — азоблари улғайтиради, оғриқлари-да ширин...

Севги бобида бирон ноёброқ ҳодиса учраб қолса, бунақаси киноларда бўлади, деб қўямиз. Гўёки ҳаёт кинодан жуда узоқ...

Сардор-курсдош жўрам, яқин дўстим эди. Доим хаёл суриб юриши ва ғалати муҳаббати боис, курсдошлар орасида Мажнун деб ном олган дилкаш бир йигит эди. Унинг шеърлари, асосан бир мавзуда — ётоқхонамизнинг 514 хонасида яшайдиган бир қиз ҳақида бўларди... 

****

 

Мактуб ёзди бир ёлғиз киши,

Ва тутқазди таниш болага.

Жуда муҳим етиб бориши,

514-хонага.

Бола чопди юпун, ялангбош,

Кафтларида бир сиқим чақа.

Йўл кўрсатди кекса бир фаррош:

“Ўнгдан юргин, зинадан чиқиб”.

Мана, ўша айтилган манзил —

Конвертда ёзилган рақам шу.

Энди узса бўлади қарзин,

Унга юклангани фақат шу.

У эшикни чертди ҳансираб,

Тақиллатди қайта ва қайта.

Сўнг рақамга боқди хавфсираб:

“Юбордими нотўғри айтиб?”

Кун пешиндан оғди, шом кирди,

Эгасига етмади  хат.

Бола сўнг бор маъюс чақирди:

“Ахир, Сизни топиш эди шарт!..”

Ортга чопди юпун, ялангбош,

Кафтида бир сиқим чақаси.

Бошин уфққа қўйганда қуёш,

Қайтиб келди ютиб нафасин.

Келди, кўрди — даҳшат эди бу,

Узоқ жимлик чўкди орага.

Тинмай хат ёзарди бир ОРЗУ,

514-хонага.

 

****

 

Мажнунимиз кейинроқ оила қурди, фарзандли бўлди — тақдир, насиб, хуллас, бошқасига – юлдузи тўғри келганига уйланди. Унга ҳов ўша мажнунона кунларни эслатсак, қўл силтаб қўяр, синиқ жилмаяр эди. Аввалги жидду жаҳд, шижоатдан ҳеч вақо қолмаган эди унда. Бир куни унинг аёли уйимизга телефон қилиб, бунинг боисини айтмаганида мен нодон унинг кўз олдимизда сўлиб-сарғайиб бораётганини муҳаббат дардига йўйган, чортанг зиёфатларда, албатта, бу ҳолни кула-кула ўртоқлик муҳокамасига ҳавола қилган бўлардим. Кейин бир гуруҳ дўсти содиқлар аввалига ўбдон масхара қилиб, сўнгра даққиёна маслаҳатлар берардик... Қайдам, балки, шундай бўлгани ҳозиргидан тузукроқмиди?..

У оғир дардга йўлиқипти...

Шифокорлар, казо-казо табиблару ҳакимлар бош чайқайди: “Умид йўқ!”. Умид-а? Мажнунда-я? Шу, ўзимизнинг Мажнунимизда-я? Ў, бу нақадар катта ёлғон!..

У билан охирги марта кўришган кунимиз ҳамон ёдимда.

Дам олиш куни эди. Ўшанда дўстим талабалар шаҳарчасига бормоқчилигини, имкон бўлса, ҳамроҳлик қилишимни сўради. Мен, ғалати таклифдан ажабланганча рози бўлдим...    

Борлик. Қадрдон ётоқхонамизга кириб, ўтган кунларни эсладик. Илму толиблар ёзги таътилга жўнашгани учунми  шўх-шодон кулгулар жаранги ўрнида аллабир рутубатли сокинлик бор, холос. Эски танишимиз — “қадим-қадим замонлардан бери” шу маконда қоровуллик қилиб келаётган Унсин опа бизларни дарров таниди (Эртаккка ўхшайди, а? Сирасини айтганда, ўша кезлари ҳамма нарса эртакмонанд эди, эртаклар оламида, афсонавий маъвода яшаётган шўх-шаън болалар эдик. Энди-чи?..). Э, Мажнунгинам, бормисиз? – деб қуюққина кўришди. Ўтган-кетган гапларни эслаган бўлдик. Кейин ичкарига – қадрдон хонамизга кирдик. Суҳбат қизиди. Негадир у ўзи ҳақида, касаллиги ҳақида гапиришни истамади. Мен ҳам дўстимнинг кўнглига ботмасин, тағин дардини эслатмайин, дедим, раъйига қарадим.   

Чор-атроф бўзариб, салқин тонгги насимлар эсгунга қадар ўтирибмиз.

Бир вақт мудраб қопман, шекилли, у ташқарига чиқибди.

Биламан, у ҳозир ўша хонага, бир вақтлар эсдан оғгудек талпинган манзилга кетаётир. Мажнун боис, университетда машҳур бўп кетган ўша 514-хонага!

Уйқум қочди. Қизиқсиниб, секингина ортидан эргашдим. Бўм-бўш, осуда хоналар, қоронғу йўлак. Хаёлимда эса..., худди эски кинотасма мисоли тарих ортига қайтмоқда эди. Бу хоналарда умргузаронлик қилган, бугун тариқдек сочилиб кетган йигитлар, қизлар. Ёшлик экан-да, у кезларда бир-биримизни хос ном — лақаб билан атардик.. Мана доим китоб титиб ўтириши орқасида академик номини олган Шоҳмирзанинг хонаси, анауниси баҳсу мунозаралар қироли — Шерзоднинг хонаси, ёнидагиси эса нуқул тартиб ўрнатиш ҳаракатида юрадиган курсдошимиз — “разборчик” Фарҳодники...

Даҳлизнинг уёғи қизлар турадиган жой эди. Мажнун секин-секин қадам ташлаб борар, ҳар бир хона қаршисида бир муддат тўхтади. Қизлар томонга ўтгач, нимқоронғи йўлак четроғидаги хона рўпарасига бориб.., эшикни аста черта бошлади.

514-хона!.. Унинг хонаси. Ҳа-ҳа, унда яшаган қиз бугун ота-она ризолигини деб бир қоқбошнинг қўйнини тўлдириб юрган эса-да, ҳануз Мажнунники бўлиб қолган, қалбининг энг тўрида сақлаб келаётган манзил-маъвоси эди. У хона ва ўша қизни Мажнун ўзининг бедахл мулки деб биларди. Уларни қалбидан ҳеч ким, ҳеч нима юлиб ололмасди...

Дўстимга ачиниб кетдим. У эшикни бир маромда, аммо тобора кучлироқ черта бошлади. Кейин қаттиқроқ тақиллатишга тушди.

Мен лол эдим. Қалбим ларзага тушиб, кўнглимнинг туб-тубидан йиғи қуюлиб кела бошлади. Мажнун эса ҳамон эшикни урар, изиллаб йиғларди...

Мен унинг олдига бора олмадим. Журъатим етмади...

****

Орадан бир кун ўтиб, совуқ хабар келди. Дўстим оламдан ўтибди. Ич-ичимдан бир нима чирт этиб узилгандек бўлди. Кўнглим ҳувиллаб қолди. Ахир Мажнун — қадрдон дўстим – энди йўқ!..

Ёр-дўстлар жам бўлиб, чоғроқ дастурхон тузаб, марҳумнинг қирқини ҳам ўтказдик...

Дўстимнинг яқинлари билан хўшлашиб, қайтаётганимда, унинг онаси секин чақирди. Сўнгра эшик олдида қўл қовуштириб турган қавму қариндошлар орасидан ўтиб, қўлимга раҳматли ошнамнинг сарғайиб, униқиб кетган қўлёзмасини тутқазганча гап бошлади:

– Бу.., хизматми ёки илтимосми – билмадим, ўғлим. Манави дафтар дўстингизники, унда ҳар хил ёзувлар бор экан. Энди шуни сизга бераман-да, болам. Ўғлим охирги пайтларда тинмай ёзди. Шуни.. бир кўринг-чи?.. Ў, болам-а, болам, қаторингларда яйраб юрса бўлмасмиди?!.. – Онаизор эзилиб йиғларди, ортиқ гапиролмасди. – Тез-тез келиб туринг, болажоним – болагинамнинг дўсти?! – дея кузатиб қолди шўрлик она изтироб билан...

Маъракадан салгина узоқлашиб, дафтарни варақлай бошладим.

Мен унинг сўнгги кунларда нималарни ҳис қилгани, қандай хаёллар оғушида юрганига қизиқиб, тез-тез саҳифаларгга кўз югуртирар эдим. Энг охирида, шеър бор эди. Йўқ, бу шеър эмас, қўшиқ, аламли ниҳоя топган муҳаббатнинг видоси эди.

Уни ўқирканман, кўз ўнгимда бир кун олдинги ҳолат қайта жонланди: эшикнинг аввал астагина, кейин кучлироқ чертилгани эшитила бошлади. Мажнун эшик олдида титраб-қақшаб қўшиқ айтарди...

      

Таниш хона, таниш манзара,

Чертилади дарвоза — юрак.

Олдингидек сал ҳадиксираб,

Ва сал хушнуд кутволсанг керак.

Безовта тун  – бахтнинг нафаси.

Қалтирашган икки жонсарак.

Эҳ, тонггача суҳбат қурамиз,

Эҳ, тонггача ўлмасам керак.

Яшаш керак, о, яшаш керак!

Бунчалар ҳам буюксан, Худо!

Мен ўтмишни ёқиб юбордим,

Эртамга ҳам айтдим алвидо!

Қўлларингга илашган тақдир,

Лабларингда томарди ҳаёт.

Мен ўзимни…

Ўлдиролмайман,

Яшашга ҳам етмайди сабот.

Таниш хона — беш юзу ўн тўрт,

Ўша қўшиқ ва ўша китоб.

Оқ кўйлакда оққушдек тўлиб,

Оқ қоғозга айланган сароб.

Куз тугади... Умр ҳам битди,

Чекиб бўлдим ғамни майдалаб,

Таниш хона беш юзу ўн тўрт,

Яна келдим мен таскин излаб…

 

***

Дўстимнинг қўлёзмасини тонгга қадар мижжа қоқмай ўқиб чиқдим. Кўнглим увишиб кетди. Дафтарда катта истеъдод эгаларигина ёза оладиган, тафти баланд асарлар, ўйлар бор эди. Уни ўқиб тугатарканман, оқара бошлаган осмонга қараб айни чоғда қабрда ётган дўстимни жудаям соғиниб кетдим. Муҳаббат дардида Мажнунга айланган Сардор жўрамни кўргим келди. Кейин тақдирга тан бериб, мозорга бордим. Устига паранжи ёпган бир аёл қабр бошида тиловат қилиб турарди. Таниш овоз... Уни танидим, танидим-у дафтарни қолдиришим кераклигини ва бу дўстимнинг тилаги эканлигини идрок этдим. Ахир бу ерга айни дақиқада, шу ҳолатда келишим тасодиф эмас...

Сўз ортиқча эди. Иккимиз ҳам тўлиқиб, базўр тургандик. Дафтарни унинг қўлига тутқаздим-да, ортга қайтдим. Секин пичирладим: “Сардор, у келди, келди, жўра! Омонатингни топширдим...”

 

Беҳзод ҚОБУЛОВ.

Тег:

 

    

Энг кўп ўқилганлар

Календарь

Боғланиш

Алоқа

Тел.: +998 93 406 48 40   

Email: namnews@mail.ru

Реклама бўлими: +998 93 406 48 40

Бизни кузатинг:

Facebook'даги саҳифамиз: facebook.com/namnews.uzbekistan

Twitter'даги саҳифамиз: twitter.com/namnews.uz