NAMNEWS.UZ—Маънавий-маърифий,ижтимоий-сиёсий,ахборот

 Қисқа сатрларда
Она Туркистон фарзандлари Самарқандда жам бўлди (фото-лавҳа) 12:50 21/11/2018
{$info.title|escape:'html'}

Шу йилнинг 14-16 ноябрь кунлари рўйи замин сайқали – Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги республика ижодкор ёшлар уюшмаси ташаббуси билан "Самарқанд шеър оқшомлари" туркий тилли ёшлар анжумани ўтиказилди.

Батафсил
Отамдан қолган тошойна қани: Жанубий Корея – Ўзбекистон 4:0 18:08 20/11/2018
{$info.title|escape:'html'}
Ўйланиб қоласиз: наҳотки миллат футболининг юзи саналган терма жамоа шундай мазмунсиз тўп тепса... сабаби, яқин орада йигитларнинг бу даражада “саёз” ўйнаганига гувоҳ бўлмаган эдик.
Батафсил
"E-IJRO AUKSION": қулай, шаффоф, адолатли савдо майдони 12:38 20/11/2018
{$info.title|escape:'html'}

Ҳозирда "E-IJRO AUKSION" электрон онлайн-аукцион савдоларида 1976 та бўш ер участкалари 19 млрд. 110 млн. сўм миқдордаги аукцион савдоларига чиқарилди. Жумладан, электрон онлайн-аукцион савдоларига бугунги кунда Наманган вилояти давлат рақобат бошқармаси томонидан 15 та бўш турган давлат мулки объектлари бошланғич баҳоси 1 сўм миқдорида, 154 янги иш ўринларини яратиш ҳамда 4 млрд. 850 млн. сўм инвестиция киритиш шарти билан аукцион савдоларига чиқарилганлиги маълум бўлди.

Батафсил
Наманганда ҳам автомобиллар ишлаб чиқарилади: "Хёндэ" автозаводига тамал тоши қўйилди! 22:31 19/11/2018
{$info.title|escape:'html'}
2018 йил 17 ноябрь. Бу кун Наманган ва наманганликлар ҳаётида зарҳал ҳарфлар билан битиладиган унутилмас кун сифатида сақланиб қолди. Боиси, Наманган вилояти ҳокимлигида “Hyundai” тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича инвестицион шартномани имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Батафсил
Билдиргилар тахтаси 17:25 19/11/2018
Батафсил

АХСИКЕНТ – «ФАРҒОНА ШАҲАРЛАРИНИНГ ОНАСИ»

Ноябрь 14
12:42 2016

Ушбу битиклар муаллифига вилоят Маънавият ва маърифат кенгаши жамоатчилик тарғибот гуруҳи раҳбари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси, НамДУ Ахборот гуруҳининг раҳбари  сифатида доимий тарзда турли ташкилот, муассаса, корхоналар ва ўқув даргоҳларида бўлишига тўғри келади. Давра суҳбатлари, маънавий-маърифий тадбир ва мулоқотлар чоғида юртдошларимиз томонидан берилаётган саволлар орасида ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган қадимги «Уммул шаҳри Фарғона», яъни асли келиб чиқиши косонсойлик, лекин Балхда яшаб ижод қилган муаррих Маҳмуд ибн Вали томонидан XVII асрнинг II ярмида яратилган қомусий асар «Баҳр ул-асрор фи-маноқибул ахёр» (яъни, «Яхшилар таржимаи ҳоли ҳақида сирлар денгизи»)да кўрсатилганидек, «Фарғона шаҳарларининг онаси» – Ахсикентнинг тарихига дахлдорлари ҳам кейинги даврларда анчагина кўпроқ учрайдиган бўлиб қолди. Бу элимизнинг ўз тарихига қизиқиши янада ортиб бораётганлигининг тағин бир далилидир. Кўпчилик суҳбатдошлар томонидан агар Ахсикент тарихига доир саволларга қайтарилган барча жавоблар қоғозга тушса, янадаям маъқулроқ бўларди, деган таклиф-тавсиялар ҳам берилмоқда. Ушбу ёзувларни эса юртдошларимизнинг таклиф ҳамда тавсиялари ижроси сифатида қабул қилишингиз ҳам мумкин.

         2001 йил 15 – 16 майида Наманганда «Ўзбек давлатчилиги тарихида қадимги Фарғона ва Ахсикент» мавзуида 13- халқаро анжуман ўтказилганди. Ушбу анжуманда бугунги кундаги «Ахсикент тарихининг оталаридан бири» (ибора бизники – Б. И.) Ўзбекистон Республикаси ФА Яҳё Ғуломов номидаги  Археология институти директорининг ўринбосари, ҳозирда Тошкент бўлими бошлиғи, тарих фанлари номзоди Абдулҳамид Анорбоевнинг маърузаси ҳам каттагина шов-шувларга ва Япония машҳур археологи олими Като Кюдзо (У 2016 йилнинг сентябрида Сурхондарёда 94 ёшида вафот этган. Деярли 25 йил фаолият кўрсатган буюк Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик ордени» билан тақдирланган эди. Ушбу ёзувлар муаллифи «Като ота» билан бир неча бора мулоқотда бўлган), франциялик олима Бертиль Лионет ва бошқаларнинг ғоятда юқори даражадаги баҳолари ва эътирофига ҳам сазовор бўлган эди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъбири билан айтганимизда, «энг буюк маънавий жасорат соҳиби» бўлмиш академик Яҳё Ғуломов археологик қазишмаларни худди мураккаб жарроҳлик операциясига қиёслаган эди.

Қадимшунос олимлар томонидан иккинчи Афросиёб сифатида эътироф этилган Ахсикент тарихи энг камида 3 минг йиллик кўҳна мозийнинг қаърига бориб қадалиши хусусидаги далиллар эса ҳатто баъзи муаррихлар учун ҳам янгилик эди. Абдулҳамид Анорбоев бир неча йиллардан буён ўз шогирдлари (т.ф.н. Фарҳод Мақсудов, Шукрулло Насриддинов...) билан немис, француз, япон... археологлари ҳамкорлигида Ахсикентда қазишмалар олиб бормоқда.

         Натижада, «Ахси – уммул шаҳри Фарғона» хусусидаги маълумотлар, далиллар янада аниқлашмоқда, тиниқлашмоқда, тағин ҳам кўпаймоқда.

         Фарғона водийси бутун дунёдаги одамлар истиқомат қилиши учун энг қулай (Қрим ва Швейцария билан бирга) учта маконнинг бири ҳисобланади.

Водийда истиқомат қилувчилар мардликда – қадимий спарталиклардан, шўхликда – габроволик ҳазилкашлардан, меҳнат соҳасида эса бир-биридан қолишмайди. Инсон ғоятда эъзозланади. Ўзбек, тожик, қирғиз... эканлигидан фахрланади. Меҳмонни жудаям улуғлашади. Ўзи отининг эгаридан тушиб, меҳмонни эса отига миндириб олади. Она тилини росаям севади, бу борада бошқаларга бемалол ўрнак бўла олади. Зийрак, ҳазил-мутойибага ғоятда ўч, уни жуда теран тушунади. Агарда аскияда енгилиб қолса, мусобақадошининг ёқасидан шартта олиб ғиди-бидини бошламайди, ўз мағлубиятига мардларча тан бериб, тағин у билан асл дўстлигича қолаверади, ғанимлашмайди.

Биз ўқиғувчилар эътиборига қадимги Буюк Фарғона (Даван, Паркона) давлати хусусида алоҳида бир мақола ҳавола этишни мўлжаллаганмиз. Даван (Дайюан) топоними илк бор Сима Чян (русча Сима Цянь) қаламига мансуб «Шижи» («Тарихий хотиралар»)да учрайди. Ушбу манба милоддан аввалги 104 – 91 йилларда битилган. Ушбу ёзувларда бўлса Даван давлатининг бош шаҳри Ахсикентнинг алоқалари, муносабатларининг энг муҳим жиҳатларига тўхталамиз, холос. Эътиборингизга ҳавола этилган ушбу мақола 13- халқаро анжуман материаллари, А. Анорбоев, А. Асқаров, Т. Мирсоатов, Й. Қосимов, Б. Матбобоев, Ш. Насриддинов каби археологлар, сўғдшунос М. Исҳоқов, этнолог К. Шониёзов, синолог (хитойшунос) олимлар А. Хўжаев,  Абдухолиқ Абдурасул ўғли асарлари ва  ўзга манбаларга асосланган ҳолда тайёрланган...

         Инсоният цивилизациясининг энг асосий мезонларидан бири шаҳарлар ҳисобланади. Шаҳарлар башарият тараққиётининг маълум бир босқичларида шаклланиб, турли-туман мамлакатлар сиёсати, иқтисодиёти ва маънавиятини мувофиқлаштиришда энг асосий, ҳал қилувчи ўринни эгаллаб келмоқдалар. Бу борада пойтахт шаҳарларнинг мамлакатлар ривожида тутган ўрни беқиёс. Бунисидан эса ўзингизам яхшигина бохабарсиз. Ҳар қандай шахс (Одам Ато ҳамда Момо Ҳавони истисно этганимизда) кимнингдир фарзанди. Чақалоқ ёруғ дунёга келганидан сўнг жинсига қараб, ўз исми, номи, отига эга бўлади.

Айнан шу маънода Курраи Заминга донғи кетган ёхуд бор-йўғи фақат ўзининг маҳалласидагиларгина танийдиган инсонлар исми айнан уларники. Фамилия бўлса кўпчиликка, энг аввало, ота-боболарга, аждодларга тегишли. Ўзининг исмига эга инсон фамилиясини аждодлардан мерос сифатида олиб, авлодларга янада машҳурроқ қилиб топширади ё уни улуғлайди ёки бўлмаса фамилияга иснод келтиради, уни булғайди. Улуғ жойда таваллуд топганлик ёхуд насл жиҳатидан буюк фамилияга эга бўлишнинг ўзиёқ инсонни кўкка кўтариб, улуғлай олмайди, лекин, аждодларнинг мавқеи ва уларнинг буюк номи одамни яхши бўлишга, албатта, доимий равишда мажбурлаб туради.

         Шу маънода биз Ахсикентни исм, ном сифатида (Самарқанд, Бухоро, Хива сингари) ўрганамиз. Лекин, фамилия, яъни Ахсикент барпо этилгунга қадар юз берган, воқеа, ҳодиса, жараёнлар хусусида айрим мулоҳазалар баён этилмаса (баъзи бир безори ёхуд одобли боладан «Сен кимнинг ўғлисан?» деб сўралгани сингари), масаланинг мазмун-моҳияти ҳам очилмай қолади...

         ХХ аср 30- йилларига қадар Марказий Осиё республикаларида миллий археолог олимлар ҳали етишиб чиқмаганлиги, ё атайлаб тайёрланмаганлиги туфайли аждодларимизнинг энг қадимги тарихи мутлақо ўрганилмаган эди. Айнан шу боисданам аждодларимизнинг тарихи ёзма манбаларга асосланган ҳолда бор-йўғи 2 – 3 минг йилдан иборат, деб ҳисобланарди, холос.

         1938 йилга келиб Бойсун тоғи жанубий ён бағридаги Тургандарёнинг Завталашгансой қисмида денгиз сатҳидан 1500 метр баландликда жойлашган Тешиктош ғоридан 8 ёшли боланинг суяклари қолдиқлари топилиши жаҳон миқёсида ғоятда катта сенсация (шов-шувлар)га сабаб бўлган эди. Натижада, аждодларимиз тарихи 100 минг йилга қадимийлашган. Лекин, Тешиктошдан унданам қадимийроқ ёдгорликлар топилмаганлиги оқибатида Ғарб дунёсида Ўрта Осиёга одамлар мустье даври (мил. авв. 100 – 40 минг йилликлар)да Олд Осиёдан келиб ўрнашиб қолган, деган нотўғри фикрлар тарқалган эди.

         Фарғона водийсида жойлашган Селунгур ғоридан ЎзР ФА академиги Ўткир Исломов томонидан ашель (мил. ав. 1 млн – 100 минг йиллар) даврига мансуб аждодларимиз суяк қолдиқларининг топилиши жаҳоншумул кашфиёт сифатида мозийга тош отаётганларнинг чакагиниям ўчириб қўйганди. Ғордан 1500дан зиёд меҳнат қуроллари ҳам топилганди. Бундан 1 миллион 200 минг йил муқаддам олтин водийда яшаган ушбу меҳнат қуролларининг эгаларига дунё археологлари томонидан «Фергантроп» – «Фарғона одами» деган янги номни берилган. Натижада, инсоният тарихидаги илк «homo habilis», яъни  «ишбилармон, уқувли одам»лар бўлмиш зинжантроп (3 – 2 миллион аввал яшаган), питекантроп (юнон тилида «питекос» – маймун, «антропос» – одам) (700 минг йиллар аввал яшаган), синантроп (600 минг йил муқаддам яшаган хитой одами)нинг қаторига бизларнинг энг қадимий аждодларимиз бўлмиш фергантроплар ҳам қўшилган.

Демак, Марказиё Осиёнинг илк тарихи Фарғона водийсида 1 млн. 200 йил муқаддам яшаган (унданам қадимийроқлари ҳозирча топилмаган, лекин топилиши ҳам мумкин) аждодларимиз фергантроплардан бошланади.

         Одамларнинг келиб чиқиши, ривожланиши жараёни эса тарих фанида антропогенез (юнон тилида «антропос» – одам, «генезис» – келиб чиқиш, ривожланиш) деб аталади. Ўрта пелеолит (мил. ав. 100 – 40 минг йилликдаги тош даври)да яшаган одамлар неандарталлар деб аталган (уларнинг суяклари дастлаб Германиянинг Неандарталь водийсидан топилганди). Бундан 40 минг йиллар муқаддам эса одамларнинг ақл-идроки ва нутқи аста-секинлик билан бўлса-да, ривожланиб бориши оқибатида уларнинг кўриниши (Франциянинг Кроманьон ғоридан топилган кроманьон одами) ҳозирги замондошларимиз қиёфасига ўхшаб қолган. Илм-фанда бўлса бундай кишилар «homo sapiens», яъни «ақл-идрокли одам» деб аталади. Ҳозирги даврда монголоид, европоид, негроид, австралоид деб аталадиган ташқи кўриниш, яъни ирқлар ҳам айнан ўша замонда шаклланганидан мактаб дарсликлари орқали хабардорсиз.

         Аждодларимиз миллион йил мобайнида термачилик ва овчилик орқали тирикчилик қилиб келганлар. Мил. ав. II йилликка келиб қадимги Фарғонада илк деҳқончилик маданияти ҳам пайдо бўлган эди. Бободеҳқонларимизнинг дастлабки қишлоқларидан бири 1951 йилда М. Воронец томонидан Чуст шаҳри яқинидаги Буванамозор деб аталган булоқ ёқасидан топиб ўрганилган. Археологлар ушбу ёдгорликка шартли равишда Чуст маданияти деган ном берганлар. Чуст маданияти Фарғона водийсида илмий жиҳатдан  ўрганилган энг қадимги деҳқон жамоалари маданияти ҳисобланади. Ҳозирги даврда Чуст маданиятига доир ёдгорликлар водийнинг 80дан ортиқроқ жойидан топилган. Уларнинг санаси мил. авв. II минг йиллик охири ҳамда I минг йилликнинг биринчи чораги билан белгиланади. Ушбу маданиятга тегишли ёдгорликлар водийнинг шимолий (Наманган вилояти) ҳамда шарқий (Андижон вилояти) ҳудудларида анчагина кенг тарқалганганлиги ҳам аниқланган эди.

         Чустда М. Воронецдан кейин В. Спришевский ва Б. Матбобоев ҳам қазилма ишларини олиб борганлар. Худди шунга ўхшаш тағин бир ёдгорлик Ю. Заднепровский томонидан Қорадарёнинг ирмоқларидан бири яқинидаги Далварзинтепа топиб ўрганилган эди. Қазишмалар Қорақўрғон, Тўрақўрғон, Терговчи, Язтепа, Гўрмирон, Чимбой, Ашкалтепа сингари ёдгорликларда ҳам ўтказилган. Уларнинг барчасидан топилган моддий ашёлар Чуст маданияти аҳолисининг ўтроқ ҳаёт кечирганлигидан далолат беради. Далварзинтепа ва Ашкалтепа қадимги Фарғонанинг дастлабки йирик шаҳарлари бўлган эди.

Мил. авв. VII – VI асрларда Фарғонанинг дастлабки шаҳри сифатида шаклланган Далварзинтепа икки қисмдан иборат эди. Унинг биринчи – Ўрда қисмида жамоа ҳукмдори қароргоҳи жойлашган. Ўрданинг чор атрофидаги қалин мудофаа деворлари қолдиқлари Буванамозор ҳамда Ашкалтепада ҳам топилган. Қадимги Чустда ҳам ғиштдан тикланган деворнинг қалинлиги 3 метрга, баландлиги эса 3,5 метрга тенг бўлган. Ўша Чуст маданиятига доир ёдгорликларнинг қуйи қатламида гувала ёки хом ғиштдан қурилган кулбалар учрамайди. Ғиштдан қурилган уй-хонадонлар қолдиқлари Чуст маданияти тарихининг иккинчи босқичидагина пайдо бўлган эди. Дастлабки даврларда энг қадимги Фарғонанинг бободеҳқонлари ярим ертўлалар ҳамда чайлаларда истиқомат қилганлар. Бу ҳолат эса уларнинг насл-насаби жиҳатидан қадимги чорвадор қабилаларидан ажралиб чиққанларидан яққол далолат беради.

         Маконларни қазиш жараёнида эса вайронага учраган уйлар атрофидаги бир неча мозорлар ҳам очилганди. Қабрларга одамлар ёнбоши билан ғужанак бўлиб ётган ҳолатда дафн этилган экан. Одатда, исломгача бўлган мозорлар тегишли равишдаги ашёвий далиллар, яъни идишлар ва турли-туман меҳнат қуроллари билан таъминланган. Чуст маданиятининг айрим ёдгорликларида бўлса баъзан бу оламдан бевақт ўтган ёш болаларни махсус сопол идишлар (остадонлар)га солиб кўмиш одати ҳам учраб туради.

         Чуст маданиятида металл билан боғлиқ ҳунармандчилик ҳам яхшигина ривожланган эди. Масалан, қадимги Чуст маконини қазиш вақтида 80дан зиёд, Далварзинтепада бўлса 60та металл предметлар топилган. Махсус тош қолипларда ойна, ўроқ, пичоқ, бигиз сингари асбоблар қуйилган. Металл эса тигель деб аталадиган махсус бир сопол идишларда эритилган. Чуст ҳамда  Далварзинтепани қазиш вақтида от узангилари ва сувлиғи, ойна, билакузук, қармоқлар, бронза (жез) пайконлар топилган. Суякдан қурол ясаш кенг йўлга қўйилган. Суяклардан тароқ, моки, бигиз, урчуқ ва бошқа буюмлар ясалган. Суяк буюмлар орасида қўй, эчкининг ошиқлариям ниҳоятда кўплаб учрайди. Ошиқларга тегишли чуқурчалар ўйилган ҳамда уларга бронза (жез) қуйилган. Ошиқларнинг устки қисми тўққизил тусда ва уларга пардоз ҳам берилган. Бу ҳолат эса, ўз навбатида, аждодларимиз жуда оғир жисмоний меҳнатдан бўш пайтларида ошиқ ўйнаб ҳордиқ чиқарганликларидан яққол далолат беради.

         Чустликлар буғдой, тариқ, арпа экканлар ва ғаллани махсус ўраларда сақлаганлар. Ер ҳайдашда, ғалла янчишда ҳайвонлар кучидан унумли тарзда фойдаланилган. Қадимги Фарғонанинг ҳозирги Қирғизистон Республикаси ҳудудида жойлашган Соймойлитошдаги қоя суратларидаям қўшга қўшилган ҳўкизларнинг тасвири бор. Бу суратлар ҳам Чуст маданияти даврига оиддир.

         Қадимги Фарғонанинг Чуст маданияти типидаги турли жамоаларнинг излари Жанубий Сўғдиёнанинг бош шаҳри – Ерқўрғон (ҳозирги Шаҳрисабз тумани), Сурхондарё ҳудудида – Қадимги Бақтрияда ҳам топиб ўрганилган.

         Чуст маданиятига хос моддий ва маънавий ёдгорликларнинг қадимги Шарқ цивилизациясининг марказларидан бири Бақтрия (ҳозирги Сурхондарё, Тожикистон ва Афғонистоннинг шимоли)да пайдо бўлиши ўша замон этник жараёнига ҳам ўзининг таъсирини кўрсатганди. Бу ибтидоий жамоа тартиб-қоидаларининг, аста-секинлик билан бўлса-да, бузилишига, унинг ўрнига эса юртимизда янги жамият бошқаруви тизими ва илк давлатчаларнинг вужудга келишига энг асосий сабаблардан бири бўлганди.

         Фарғона водийсининг қадимги тарихи хусусида гап кетганида, одатда, унинг мил. авв. VII – VI асрлардан милодий эранинг V асрига қадар бўлган даври тарихини кўз ўнгимизга келтирамиз. Ундан аввалги замон ибтидоий жамоа тузуми даври бўлса, V асрдан эса ўрта асрлар даври бошланиб кетган.

         Ёзма манбаларда Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондаги қадимги давлатчилик ҳамда унинг шаклланиши хусусидаги маълумотлар жудаям оз. Деярли 3 минг йиллик мозийнинг қаърига бориб қадаладиган зардуштийлик динининг муқаддас китоби, ўзбек давлатчилигининг илк даврида ўзига хос мафкура вазифасини адо этган «Авесто»да Хоразм, Сўғд, Бақтрия ва Паркана ҳақида узуқ-юлуқ маълумотларга дуч келамиз. «Авесто»нинг асосий қисми пайғамбар Зардуштгача асосан, Марказий Осиё халқларининг орасида (янада ҳам аниғи, қадимги Хоразмнинг заминида) шаклланган бўлиб, унда ўзбеклар давлатчилигининг илк босқичлари хусусидаги айрим хабарларда вилоятлар бирлашмаси «даҳью», уни бошқарган шахс бўлса «даҳьюпати деб аталган.

         Фарғона водийси «тарих отаси» машҳур Герадотнинг «Тарих» асарида «париканийлар юрти», қадимги Хитой муаррихлари Сима (Одатда хитойлар фамилияси бир иероглифдан иборат бўлади. Лекин, ушбу асар муаллифининг фамилияси эса иккита иероглифдан ташкил топган. Чунки, Сима аслида олий даражали ҳарбий лавозимнинг номи бўлган. У 3 – 4 минг йил олдинги тош ва суякларда ёзилган битикларда учрайди. Аммо, ҳар бир тарихий даврда ушбу лавозимнинг мавқеи ва даражаси ҳар хил бўлган. Сима фамилияли шахслар келиб чиқиши эса худди ана шу лавозим билан боғлиқ бўлганлиги туфайли Сима ажратилмай ёзилади. Хан (милодий III асрдан бошлаб «хан» атамаси хитойларнинг этник номига айланиб кетган. «Хан» деган иероглиф «эркак», «жаҳлланиш» ва «жаҳл» сингари маъноларниям англатади. Қадимда худди шу ном билан Хитойдаги энг узун дарё – Янзининг шимолий ирмоғи Ханшуй (Хан суви) деб аталганди. Шунинг учун «хан» атамасининг келиб чиқишини ушбу дарё номи билан боғлиқ бўлган, деб ҳисоблашимиз мумкин. Хан сўзи этнонимга айлангунича хитойлар ўзларини шя (ся), хуаш (хуася) деб атаган эдилар) миллати, яъни хитойлар анъанасига кўра, одамнинг исми-шарифи 2 ёки 3та иероглифдан иборат бўлади. Уларнинг биринчиси фамилия (шажара) ҳисобланиб, у аждодлардан авлодларга ўтиб бораверади. Қиз бола турмушга чиқса ҳам фамилияси ўзгармайди, бироқ унинг болалари ота фамилиясини давом эттираверади – Б. И.) Чяннинг «Шижи» («Тарихий хотиралар»), Бан Гунинг «Ханшу» («Хан сулоласининг тарихи») (Хан – иккинчи маротаба Хитойни бирлаштирган сулола номи бўлиб, унинг мавжуд бўлган вақти мил. авв. 206 – милодий 8 йилларга тўғри келади. Ушбу сулола ағдарилганидан кейин янги ташкил топган сулола (25 – 220) ҳам ўзини Хан деб атайверган. Айнан Хан атамасини ёзиш учун ишлатилган иероглиф «эркак», «азамат», «бақувват киши» ва «қувватли» деган маънони англатади. Кейинги даврларда хан сўзи хитой халқи (миллати) номи сифатида ишлатила бошланди – Б. И.), Ванг Иннинг «Жиншу» («Жин сулоласи тарихи»), Лянг Чэннинг «Сунгшу» («Сунг сулоласи тарихи») каби асарларида бўлса «Даван» («Дай-юан-гуо», яъни таржимаси Буюк Фарғона) деб номланган. Вэй Шоу (506 – 572)нинг «Вэйшу» («Вэй сулоласи тарихи») номли асарида «Луона-гуо» деган шаклда, лекин,  қадимги Буюк Фарғона – Дай-юан давлатидир, пойтахти – Кивейшан (Гуйшан) деган изоҳ билан берилган. «Кивейшан» атамаси айрим бир хитой шеваларида «Квейсан» деб ҳам талаффуз этилади. Шундан келиб чиқиб, уни Фарғона водийси шимолидаги Косон топоними билан ҳам таққослашимиз мумкин. Бироқ, айрим хитой олимларининг илмий тадқиқотларига биноан, «Шин Тангшу» («Танг сулоласининг янги тарихи») асаридаги «Кэсай» ҳамда «Юанши» («Юан сулоласи тарихи»)да учрайдиган «Кэсан» топонимлари эса «Кивейшан»нинг турли шаклда ёзилишидир. Қадимий ёзма манбалар билан шуғулланган ўта йирик хитой олими Чэн Чжунгмяннинг ёзишига қараганда, «Кивейшан» шаҳри «Шижян» деб ҳам номланган ва у Наманганнинг шарқи-жанубидаги Ахсикентнинг харобаларига тўғри келади. Бу фикрнинг тўғри эканлигини бўлса «Шижян»нинг қадимги замонларда ўқилиши «Сиейкиан» бўлганлигиям яққол тасдиқлайди. Чунки, Сиейкиен Ахсикент топонимининг биринчи бўғини Ах тушириб қолдирилиб, «сикент» шаклида қисқартирилиб, хитой ёзувигаям мослаштирилган транскрипцияси эканлиги кўриниб туради. Шунга қаралганда, «Кивейшан» («Кивейсан») Ахсикентга тўғри келади. Шу билан бирга «Кэсай» топоними «Шин Тангшу» асарининг уйғурча танланма таржимаси «Янги Тангнома»да «Косон» деб ёзилган. Айрим хитой олимлари эса буни асосли деб ҳисоблайдилар.

Бир гуруҳ сарой тарихчилари томонидан битилган, 1024 йили илк бор чоп этилган «Суйшу» (581 – 618 йиллардаги «Суй сулоласи тарихи»)да эса «Фахан-гуо (Фарғона давлати)нинг пойтахти Цунглинг (Помир)нинг ғарбида ва ундан 500 ли (288 км) нарироқда жойлашган бўлиб, у қадимда Гиашиэу (замонавий ўқилиши Чюйсоу) деб аталарди. Ҳукмдорнинг фамилияси Жабғу (Чжаоъу), исми эса Алчи. Ҳукмдор қўчқор шаклидаги олтин тахтда ўтиради. Ҳукмдорнинг рафиқаси (хониш) олтин тож тақади», деган маълумот мавжуд.

Хитой манбаларидаги «Даван» атамаси рус ҳамда ўзбек адабиётида «Фарғона» деган шаклда берилган. «Да»  – катта, «Ван» – чор атрофи ўралган жой дегани бўлиб, уни «Катта жой», яъни водий маъносида ҳам англашимиз мумкин. Бундан ташқари, «Даван» сўзи қадим замонда «Дай-юан» сифатида ҳам талаффуз қилинган эди. Ушбу атама «Катта бўстонлик» деган маънони англатиб, айнан ўзимизнинг Фарғона водийсига нисбатан қўлланган.

Илгари Фарғона қадимги сўғд ёзувларида «Парғана» шаклида ёзилган бўлиб, форс тилида «тоғлар оралиғидаги водий», «атрофи берк сойлик», «чор атрофи тепаликлар ёхуд тоғлар билан ўралган текислик», деган маъноларни билдиради. Тарих фанлари доктори, профессор Мирсодиқ Исҳоқов фикрича, қадимги сўғдий тилида «Пар» сўзи девор ёхуд тепаликлар билан ўралганлик маъносини англатган. «Кон» қисми бўлса бугунда ҳам ўзимиз ишлатаётган табиий бойликларнинг маконини ёки умуман катта бойликни билдиради.

Демак, сўғдий тилидаги «Паркон» – атрофи ўралган бойликлар макони демакдир. Ҳозирги даврда ҳам Дунё томи – Помирда яшовчи ёзғулом, рушон сингари этносларнинг тилларида ҳам «паргана» ва «баргана» атамалари чор атрофи тоғлар билан ўралган, лекин бир томони очиқ жойни англатади.

Марказий Осиё халқлари тилларида «ф» билан «п» товушларини ўзаро алмаштириб ишлатиш оддий ҳол. Масалан, уйғур тилида ва Ўзбекистоннинг баъзи диалектлари (шевалари)да Фарғона топоними «Парғана» сифатидаям талаффуз қилинади. Шунингдек, «ғ», «к» ва «қ» товушларини алмаштириб талаффуз этиш ҳоллари ҳам тез-тез учраб туришини ўзингизам жуда яхши биласиз. Юқоридаям қайд эитлганидек, Шарқий Эрон тилларида «Паргана» ёки «Баргана» «атрофи тоғлар билан ўралган ва фақатгина бир томони очиқ бўлган жой», деган маънони англатади. Ота юртимизга араблар келганидан кейингина уларнинг тили хусусиятларига биноан «п» товуши «ф»га ўзгариб, «Паргана» топоними «Фарғона» деб айтила бошлаган.

Қадимги Сўғдиёна ва Помир тилларидаги  «Паркон» ҳамда «Паргана»  билан хитой тилидаги «юан» бир хил маънога эга бўлган. Қадим замонларда хитойлар «юан» иероглифини атрофи баландиклар ёки тоғлар билан ўралган косасимон, яъни косанинг тубига ўхшайдиган жойга нисбатан ишлатганлар.

Замонавий хитой тилида эса ушбу иероглиф кўпроқ овқатланиш учун ишлатиладиган «коса» деган маънода ишлатилади.

«Юань» топоними илк марта милоддан аввалги 128 – 127 йилларда  қадимги Фарғонага келиб кетган биринчи хитой элчиси Чжанг Чяннинг ҳисоботида қўлланган. Кейинчалик атамани Хитой ҳукмдорлари саройидаги тарихчилар ҳам қўллаган. Хитойлар кўпинча ўзга юртдаги жойлар номини хитойчага таржима қилиб олганлар. Масалан, Тангритоғни улар «Тян-шан», Иссиқкўлни «Рэхай», Кўккўлни «Чингхай» деб номлаганлар. Тян-шан деган атама «баланд тоғ, осмонўпар тоғ», иккинчи жойнинг номини ёзиш учун қўлланган биринчи иероглиф «иссиқ», учинчисида «яшил» ёки «кўк» дегани. «Рэхай» ва «Чингхай»даги «хай» эса денгиз маъносини билдиради. Тангритоғ топонимини тўла ҳамда аниқ ҳолда транскрипция қиланадиган бўлса, бунинг учун бўлса  камида 5та иероглиф ишлатиш зарур бўларди. Милоддан аввалги даврда бундай қилиш хитойликлар учун ғайри оддий ва мураккаб иш эди.

«Шижи»да «Паркона» сўзининг таржимаси бўлган «Юан» топоними асосида шаклланган «Юанг-чэнг» атамасиям кўп марта тилга олинган. Ушбу топонимдаги «чэнг» эса «баланд деворлар билан ўралган шаҳар» маъносини билдиради. Шу асосда «Юан-чэнг»ни «Паркона шаҳри» деб тушунишимиз мумкин. Чунки, ўтмишда деворлар билан ўралмаган шаҳарлар номига «чэнг» сўзи қўшилмаган. Хан сулоласи элчиси Чжанг Чян Фарғонага келганида бир хил аталган давлат ва шаҳар номларига дуч келган. Бу икки тушунчани бир-биридан ажратиш мақсадида у Паркона деб аталган давлат номини ифодалаш учун «Юан»нинг олдига «Дай», яъни «буюк» деган сўзни қўшиб, уни «Дай-юан» («Буюк Паркона») деб атаган. «Юан» сифатида таржима қилиб олинган Паркона шаҳрини эса, унинг орқасига «чэнг» сўзини қўшиб, уни давлатнинг худди шундай номидан фарқлаган ҳолда кўрсатган эди.

Шу билан бирга, «Юан» деган атама қадимги Хитой транскрипциясида «Полона» деб аталиши ҳам қайд этилганди. Милодий V асрдан бошлаб эса, Буюк Фарғона қадимги Хитой манбаси «Бейши»да «Паканна», «Баханна» ва «Фейхан», VII – VIII асрлардан бўлса «Нингюан» («Олисдаги сокинлик»), «Лона» деган турлича номлар билан ҳам тилга олинган.

         941 – 945 йилларда Лю Ху раҳбарлигидаги тарихчилар гуруҳи «Шин Тангшу» («Танг сулоласининг янги тарихи»)ни ёзиб тугатган эдилар. Унинг «Ғарбий мамлакатлар тазкираси» («Шиюй лечжуан») деб номланган 221- бобининг 2- қисмида жумладан, шундай жуда муҳим маълумотлар мавжуд: «Нингюан аслида Фарғона (Баханна ёхуд Паркон (Пуохан / Поҳан)дир, Вей (сулоласи) даврида Пуолуона деб номланган. Танг сулоласининг пойтахт шаҳри (Чангъан (ҳозирги Шиан), рус адабиётларида бўлса Сиань)дан 8 минг ли (4608 км) нарироқда жойлашган. Фарғона ҳукмдори Чжэнчжу-хэ (Норин) дарёсининг шимолида жойлашган Шижян-шэнг эса (Хитойда Танг сулоласи ҳукмронлик қилган даврда (618 – 907 йиллар) Фарғона давлатининг маркази бўлган. У Ахсикентнинг хитойча номланишидир) шаҳрида туради. 6та йирик ҳамда 100та кичик шаҳарчалар мавжуд, одамлари узоқ умр кўради. Фарғона ҳукмдорлари авлоддан авлодга ҳукмронлик қилиб келади.

Ҳар йили биринчи ойнинг биринчи кунида ҳукмдор сардорларни икки гуруҳга ажратади. Сўнгра ҳар бир гуруҳдан биттадан одам танлаб, уларнинг кийимларини ечтириб, кураштиради. Одамлар эса курашаётганлардан бири ўлгунча уларга сопол (идиш бўлаклари) ва тош отишади. Шу асосда йилнинг яхши ёхуд ёмон келиши аниқланади (Бу ерда асосий гап қадим Наврўздаги қиш ҳамда баҳорнинг ўзаро беаёв кураши тимсоли ҳақида бормоқда – Б. И.).

Император Шюанзунг (712 – 756 йилларда тахтда ўтирган) Кайюан даврининг 27- йилида (739 йил) Тухуошянни итоат қилдиришга Танг қўшини билан ҳамкорлик қилгани учун Фарғона ҳукмдори Арслон Тархонга фэнгхуа-ванг унвони инъом этилди (у Танг сулоласи даврида хорижий давлатларнинг ҳукмдорларига бериладиган фахрий унвон бўлиб, у «маданиятга интилувчи ҳукмдор» маъносини англатган).

Тянбао (724 – 755) даврининг 3- йилида эса (744 йил) ушбу давлатга Нингюан («олисдаги сокинлик» ёки «хотиржамлик») деган ном ҳам берилди. Император Фарғонанинг ҳукмдорига ўз хонадони учун бегона бўлган сулола фамилиясига тааллуқли Доу (Ушбу сўз ифодаланган иероглифнинг «катта», «дарча», «ариқ» «катта вилоят» сингари маънолари мавжуд) сўзини фамилия қилиб тақдим этди.

Бундан ташқари, император ўзининг авлодига тегишли бир қизни Хэйи маликаси деб Фарғона ҳукмдори ҳузурига юборди.

Тянбо даврининг 13- йилида (754 йил) Фарғонанинг ҳукмдори (ванг) Чжунгже ўз ўғли Шюеюйни Хитой маданиятини ўрганиши учун император саройига юборди, у ерда яшаб, соқчилик хизматида бўлишга ижозат сўради. Император ушбу илтимосга қулоқ солиб, Фарғона ҳукмдорининг ўғлига зуо-увей жянгжюн унвонини берди (ушбу унвон Танг сулоласи даврида сарой соқчилари бош қўмондони ёрдамчиларига бериладиган унвон бўлиб, у «чап қанот сарой соқчилари қўмондони» маъносини англатади. Бу замонда сарой соқчилари чап ва ўнг қанотлардан иборат икки бўлинмага ажратилган, Улар император саройининг хавфсизлигини таъминлашга жавоб берган). Бу иш эса Танг сулоласи учун беқиёс эҳтиёткорли чораси бўлган эди» (Иқтибоснинг манбаи: Аблат Хўжаев. Фарғона тарихига оид маълумотлар: Қадимги ва ўрта аср Хитой манбаларидан таржималар ва унга шарҳлар. Фарғона: «Фарғона» нашриёти, 2013, 84 – 86- бетлар).

         Мил. авв. VI – IV асрларда Ўрта Осиёнинг Бақтрия, Парфия, Марғиёна, Сўғдиёна, Хоразм каби қадимги деҳқончилик ўлкалари Эрон аҳмонийларига тобе бўлиб, дунёдаги биринчи империя таркибига кирган чоғларида Фарғона бундай қарамликка тушмаган. Мил. авв. IV асрда Фарғона Хоразм давлати сингари юнонистонлик Искандар Мақдунийга ҳам тобе бўлмаган. «Шижи» китобида шундай маълумотлар бор: «Фарғона (Юан) ғарбидаги Шуандзием (Хоразм), Даййик (Дайи – Тазик), шарқидаги Кус (Гуши), Жанмией (Ханми) каби кичик давлатларнинг ҳаммаси Хан императори (Тянзи – Тангри ўғли) ҳузурига элчи юборди. Бундан император ниҳоятда хурсанд бўлди...

Ансиек (Парфия – мил. авв. 250 йилда Каспий денгизининг жануби ва жанубий-шарқида вужудга келган давлат) элчилари бўлса Хан (Хитой)нинг императорига туяқушннинг тухуми ва Лишюан (Рим) мамлакатидан бўлган сеҳргарни совға сифатида юборган».

                              Бахтиёр  ИСҲОҚОВ, НамДУ доценти, тарих фанлари номзоди, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби.

(давоми бор)

Мавзуга оид

  1. АХСИКЕНТ – «ФАРҒОНА ШАҲАРЛАРИНИНГ ОНАСИ»

    Қадимги Фарғонанинг Салавкийлар давлати (мил. авв. 323 – 250 йй.) таркибида бўлганлиги ҳақидаям ҳеч қандай маълумотлар учрамайди.

    2016-12-20 09:18:280
  1. Ахсикент – очиқ осмон ости музейи

    Ахсикент  буюк аждодларимизнинг юксак ақл-заковати, маданиятининг  ифодаси рамзи сифатида наманганликларга ғурур-ифтихор бағишлайди. 

    2016-07-08 10:18:121293

 

    

Энг кўп ўқилганлар

Календарь

Боғланиш

Алоқа

Телефон: +998 93 406 05 05   
+998 90 988 54 77
Email: namnews@mail.ru

Реклама бўлими: +998 90 988 54 77, +998 93 406 48 40

Бизни кузатинг:

Facebook'даги саҳифамиз: facebook.com/namnews.uzbekistan

Twitter'даги саҳифамиз: twitter.com/namnews.uz