Эътирофга молик натижа жавобсиз қолмади

Мамлакатимизда, хусусан Наманган вилоятида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, ўсиб келаётган ёш авлодни спортга кенг жалб этиш борасида олиб борилаётган изчил амалий саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда.
Хусусан, ёш, иқтидорли спортчиларимиз халқаро ареналарда ташкил этилаётган нуфузли мусобақаларда она Ватанмиз довруғини юксалтириб, мунтазам равишда ғолиблар сафидан ўрин эгаллаб келишмоқда.
Яқинда Туркия давлатининг Истанбул шаҳрида спортнинг шотакан каратэ-до тури бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида дунёнинг 38 та давлати вакиллари орасида зафар нашидасини сурган икки нафар вакилимиз бугун (4 июнь куни) Наманган вилояти ҳокимлигида ўтказилган қабул маросимида тантанали тақдирланди.
Қайд этиш лозимки, Икром Файзуллаев мусобақада ўз вазн тоифасида барча рақибларини енгиб, олтин медаль ва жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Иккита йўналишда баҳсларга киришган халқаро тоифадаги спорт устаси Муҳаммадсиддиқ Абдумуталов эса кумуш ва бронза медалларига эга чиқди. Тантанали маросимда Наманган вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров юртимиз ва вилоят шаънини улуғлаган чемпион спортчиларга ташаккурнома, қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Оқилхон Дадабоев,
namnews.uz портали бош муҳаррири.
Тошкентдаги "Бунёдкор" стадионида Ўзбекистон ҳамда Қатар миллий терма жамоалари ўртасидаги ЖЧ-2018 саралаш учрашуви ниҳоясига етди.