NAMNEWS.UZ—Маънавий-маърифий,ижтимоий-сиёсий,ахборот

 Қисқа сатрларда
Наманган тиббиёти ютуқлари: 3 ёшли бола юрак туғма нуқсонидан халос бўлди 18:38 12/12/2018
{$info.title|escape:'html'}
“Ирвадон” болалар шифохонаси номи билан халқимиз орасида кенг оммалашган мазкур тиббиёт марказида амалга оширилган илк кардиожарроҳлик амалиёти туфайли чустлик 3 ёшли Аброржон Умаровни безовта қилаётган оғир дардга нуқта қўйилди. У юрак туғма нуқсонининг қоринчалараро тўсиғи, яъни аорта ости жойлашуви – юқори ўпка гипертензиясидан азоб чекаётган эди.
Батафсил
Давлат хизматлари маркази: Биз бир ёшдамиз! 18:09 12/12/2018
{$info.title|escape:'html'}
Тадбирда бошқарма бошлиғи Дилмурод Исмоилов ҳукуматнинг “Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга нисбатан мулкий ҳуқуқини эътироф этиш“ бўйича бир марталик акция доирасида мулк ҳуқуқи берилган фуқаролар, “энг фаол мурожаатчи” ҳамда “2018 - мурожаатчи”ларга бошқарманинг эсдалик совғаларини топширди.
Батафсил
"E-IJRO AUKSION": Тадбиркор ва инвесторлар учун янги имконият демак! 09:28 12/12/2018
{$info.title|escape:'html'}
Айни вақтда "E-IJRO AUKSION" электрон онлайн-аукцион савдоларида жами 161 та бўш турган давлат мулки объектлари 1875 та янги иш ўринларини яратиш ҳамда 122 млрд. 952 млн. сўм инвестиция киритиш шарти билан аукцион савдоларида мавжуд. Наманган вилояти давлат рақобат бошқармаси томонидан 15 та бўш турган давлат мулки объектлари бошланғич баҳоси 1 сўм миқдорида, 176 янги иш ўринларини яратиш ҳамда 5 млрд. 930 млн. сўм инвестиция киритиш шарти билан аукцион савдоларида мавжуд.
Батафсил
Нодира номидаги вилоят кутубхонаси - 100 ёшда! 08:56 12/12/2018
{$info.title|escape:'html'}
1918 йилдаёқ ушбу зиё масканига асос солинган экан. Кейинроқ таниқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов кутубхона биносининг янги қурилишга доимо ғамхўрлик қилган. Унинг очилиш маросимида қатнашиб, кутубхонага атоқли ўзбек классик шоираси Нодирабегим номини берилишини таклиф этган.
Батафсил
Билдиришнома бурчаги 11:46 10/12/2018
Батафсил

Илм чўққиси – интилганники

Август 10
09:29 2016

Бу инсон билан роппа-роса ўн йил бурун учрашгандик. Ўшанда  унинг  урология соҳасида амалга оширган ноёб жарроҳлик операцияси ҳақида мақола чоп этгандик. Орадан шунча вақт ўтиб, янги хушхабар боисидан яна суҳбатлашиб турибмиз. Вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази урогинекология бўлими бошлиғи Ёдгормирза Нурматов «тиббиёт фанлари доктори» деган юксак илмий унвонга сазовор бўлди. Уни  ушбу олий унвон билан муборакбод этар эканмиз, қаҳрамонимизни  бундан ўн йил аввалги қиёфасини эслаймиз. Ўша-ўша талабчан ва қатъиятли нигоҳлар. Фақат бирмунча салобат ва бошидаги дастлабки «қировларни» ҳисобга олмаганда айтарли ўзгармаган. «Қировлар» қўнган ҳар бир тола гўё икки юз олтмиш варақли залворли илмий ишнинг ҳар бир саҳифасига биттаданга тўғри келган бўлса ажаб эмас.

Докторлик диссертацияси ҳимояси ўта қизғин, баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди. Ҳамшаҳримиз, истеъдодли врач-урологнинг узоқ муддатли илмий изланишлари, хулосаларини акс эттирган «Болаларда уретра клапанини (сийдик йўллари туғма нуқсонини) жарроҳлик йўли билан даволаш ва ташхисини оптималлаштириш» деб  номланган диссертацияси соҳанинг кўплаб олиму мутахассислари эътиборини тортди. Докторантнинг илмий раҳбари, Тошкент тиббиёт педиатрия институти профессори Жуманазар Бекназаров, расмий оппонентларидан бири – урология бўйича  таниқли профессор, Россия Фанлар академиясининг академиги Вадим Гельд ва бошқаларнинг эътироф этишларича, Ёдгормирза Нурматов дунё тиббиёти олдида турган муҳим масалалардан бирини танлаб, илмий тадқиқотини касбий тажрибалари билан узвий боғлаб, улкан натижаларга эришган. Диссертация ишларида, амалиёт жараёнида бўлимдаги Германиядан келтирилган энг замонавий аппарат ва асбоблардан фойдаланилган. Хулосалари ва натижалари ҳақидаги илмий мақолалари хорижий журналларда инглиз, немис, рус тилларида чоп этилган. Диссертация мавзуи бўйича ўн бешта илмий мақоласи ҳимояга қадар АҚШ, Канада, Швеция, Англия, Германия, Польша, Россиядаги нуфузли илмий нашрларда эълон қилинди. Халқаро анжуманларда йигирма бешта маъруза тезислари билан иштирок этди. Ва деярли барчасида махсус сертификат билан тақдирланди.

Яна бир муҳим гап. У 2009 йилда болалардаги сийдик йўллари туғма нуқсони операциясида фойдаланиш учун «вальвулатом» деб номланувчи асбобни ихтиро этиб, патент олишга муваффақ бўлди.

Юқорида айтилганидек, бугунги урология олдидаги ҳал этилиши зарур бўлган муаммолардан бири болалар сийдик йўллари туғма нуқсони хасталигининг кўп учраётганидир. Шу хусусда шифохонага мурожаат этаётганларнинг 85-90 фоизи жарроҳлик операцияси орқали даво топадилар. Мазкур бўлимда бир йилда 800-1000 тагача шундай операция ўтказилади.

- Наманганликлар яқин-яқингача бу хасталикни даволаш учун Андижон ёки Тошкентга боришга мажбур эдилар, - дейди бўлим бошлиғи. –Мана бир неча йилдирки, болаларда учрайдиган бу борадаги барча  касаллик-лар ўзимизда даволаниб, ёш беморларнинг тўла-тўкис дарддан фориғ бўлишларига имкон яратилган. Тўғри ташхис қўйишда ва даво чораларини кўришда тиббий урология олдида турган вазифа - каминвазив (камчиқим, иқтисодий тежамкор) ҳамда эндоскопик усулларда ташхислаш ва жарроҳлик йўли билан даволаш – дунё тан олган усуллардир. Биз  болалардаги сийдик йўллари фаолияти бузилишини аниқловчи сўровнома ишлаб чиқдик. Бу янгилик диссертация мазмунини бойитишдан ташқари, беморга ташхис қўйишда бирмунча қулайлик туғдиради.

Одатда илм аҳли фаолияти ҳақида сўз юритилганда улар ишини игна билан қудуқ қазишга қиёслайдилар. Биз бунга қўшимча сифатида энг оғир ва шарафли йўл – илмга ўзини бағишлаган, фан тараққиёти ва халқ манфаати учун енг шимарган инсонни улкан иқтидор, сабр ва матонат тимсолига ўхшатмоқчимиз. Сабаби бир янгилик яратиш учун кундалик иш, хизматидан ташқари тунларни тонгларга улаб ўқиб-ўрганиш, изланиш, илмий мақолалар ёзиш ва чоп эттириш, диссертациясини омма олдида ҳимоя қилиш, фикр-мулоҳазаларини исботлаш, яна қанча меҳнату машаққатларга чидаш ва енгишга унча-мунча одамнинг  бардоши етавермайди. Масалан, Ёдгормирза Нурматовнинг тадқиқоти давомида 1162 нафар бола текширувдан ўтказилган. Сийдик йўллари туғма нуқсонини даволаш гуруҳида эса 122 бола бўлиб, уларнинг ёши уч ойликдан 16 ёшгача эди. Йиллар мобайнида шунча бемор дардини ўрганиш, текшириш, даволаш, ундан илмий хулосалар ясаш, соҳада йирик янгилик яратиб, уни амалга ошириш, яна энг муҳими, муваффақият қозониш – осон иш эмас.

Яна шуниси ҳайратланарлики, диссертация ҳимоясида иштирок этган олиму арбобларнинг фикрича, докторант ихтиро этган вальвулатом ёрдамида янги жарроҳлик усули ишлаб чиқилиб, барча натижалар математик аниқликда ҳисоб-китоб қилинган. Формулалар билан мустаҳкамланган.

- Фарзандим Мубина бир ярим ёшда, - дейди уйчилик Сурайё Холиқова. –Уч ойлигида қаттиқ бетоб бўлди. Тинимсиз йиғлар, қайт қиларди. Кузатсам, кичик ҳожат чоғи қаттиқ чинқираб қоларди. Шифокорлар тавсияси билан УТТ аппаратига туширдик. Аниқланишича, боламнинг икки буйраги туғма  нуқсонли экан. Ёдгормирза ака босқичма босқич даволашга киришди. Ҳозир учинчи операциядан чиқди. Аҳволи анча яхши. Ҳатто атак-чечак қадам ташлашга интиляпти. Кузда яна бир марта операция қилинса – шу билан батамом тузалиб кетади, дейишяпти. Бўлимда ҳамма шароитлар етарли. Дори-дармонлар, муолажалар аъло даражада. Мен ва оила аъзоларим бу ердаги барча шифокорлардан, хусусан, Ёдгормирза акадан миннатдормиз. Улар қизчам учун шунчалик жон куйдиришмаганда ундан ажралиб қолишимга бир баҳя қолувди…

Ўн олти йилдан буён вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош болалар урологи (штатсиз) Ёдгормирза Нурматов ўн саккиз йилдан буён етакчилик қилаётган урогинекология бўлими айни пайтда қирқ ўринли бўлиб, қирқ беш кишилик аҳил жамоа фарзандлар саломатлиги, оилалар қувончи йўлида бор куч-қувват ва билимларини сарф этмоқда. Юқори малакали уролог-врачлар Нодирбек Файзуллаев, Роҳатхон Тўраева, Баҳромжон Ёқуббоев, ҳамширалардан Марғуба Камолова, Ҳакима Халилова, Нодира Юсупова, Соҳиба Исмоилова кабилар бўлим бошлиғининг чин маънодаги қанотларидир. Уларнинг қўллаб-қувватлаши амалиётчи олимнинг бугунги баланд чўққини забт этишига сидқидил ёрдам бўлди. Жорий йилнинг ўзида бўлимга Европа Тараққиёт банки томонидан ажратилган маблағ ҳисобидан энг замонавий тиббий анжомлар келтирилди.

…Оиладаги бир инсоннинг ютуғи – бутун оиланики саналади. Чунки, муайян муваффақиятни қўлга киритишда ўша одам билан бирга бошқалар ҳам теппа-тенг азият, заҳмат чекадилар. Шу фикрдан келиб чиқиб, қаҳрамонимиз қозонган ғалабасида рафиқаси Нодирахон, фарзандлари Юлдуз, Гулрухсор, Эркинмирзоларнинг ҳам маълум даражада ҳиссалари бор. Диссертация ҳимоясидан кейин устозлари, ҳамкасблари тўпланган катта залда  Гулрухсорнинг:

- Мен шундай инсоннинг қизи эканимдан фахрланаман. Биз ҳам келажакда дадажонимизга муносиб фарзанд бўлишимиз керак, - деган сўзлари узоқ йиллик машаққатларини унуттирди, чарчоқларини тумандай тарқатиб юборди. Тўлқинланиб, мижжаларидан икки томчи ёш юмалади. Кўз олдида мана шу нурафшон кунларини Худодан сўраб дуолар қилган, аммо ижобатини кўриш насиб этмаган раҳматли ота-онасининг кулиб турган азиз сиймолари гавдалангандай бўлди…

Шифокор олим билан меҳнат таътилига чиқиш чоғида суҳбатлашдик. Режаларини сўрадик:

- Ташкилий ишлар билан бўлиб, кейинги ойларда ўз устимда ишлолмадим. Соҳага оид ноёб китобларни йиғиб қўйганман. Салқин жойни топиб, таътилни шуларнинг мутолаасига бағишлайман.

Ўзбекистоннинг ўттиз икки миллионлик фуқароси қутлуғ айём – Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги бўсағасида турибди. Табиийки, тўйга тўёна билан бориш - азалий одатимиз. Ахир, «Айтгил дўстим, нима қилдинг Ватан учун?» деб бекорга сўралмаган.

- Докторлик диссертациямнинг ҳимояси айнан «Соғлом она ва бола йили»га тўғри келгани, мамлакатимиз Мустақиллигининг катта шодиёнаси арафасида бўлгани – мен учун унутилмасдир. Бу икки карра қувончли воқеа улуғ тўйга менинг совғам, десам кўнглимдагини айтган бўламан, - дейди қалбидаги илиқ туйғуларини яширолмай Наманган заминидан етишиб чиққан яна бир тиббиёт фанлари доктори Ёдгормирза Нурматов. – Токи танамда жоним, билагимда кучим бор экан, ёш авлод саломатлиги йўлида тер тўкишдан чарчамайман.

Рислиқхон МАЖНУНОВА,

«Наманган ҳақиқати»нинг махсус мухбири.

Мавзуга оид

  1. Шавкат Мирзиёев Янги йил арафасида мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашди

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Янги йил арафасида – 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашди. 

    2016-12-31 08:54:14617

 

    

Энг кўп ўқилганлар

Календарь

Боғланиш

Алоқа

Телефон: +998 93 406 05 05   
+998 90 988 54 77
Email: namnews@mail.ru

Реклама бўлими: +998 90 988 54 77, +998 93 406 48 40

Бизни кузатинг:

Facebook'даги саҳифамиз: facebook.com/namnews.uzbekistan

Twitter'даги саҳифамиз: twitter.com/namnews.uz