NAMNEWS.UZ—Маънавий-маърифий,ижтимоий-сиёсий,ахборот

 Қисқа сатрларда
Билдириш бўлими 14:57 16/10/2018
Батафсил
ЎЗБЕКИСТОН-РОССИЯ: Ўзаро ҳамкорлик олий таълим соҳасида яхши самара бермоқда 19:32 15/10/2018
{$info.title|escape:'html'}

Наманган муҳандислик-технология институтида жаҳоннинг нуфузли олий таълим муассасалари билан хамкорликда малакали кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Россия Федерациясининг Саратов Давлат техника университетининг Энгельс технология институти билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани бу борадаги яна бир амалий қадам бўлди.

Батафсил
Журналистлар Наманганда жам бўлди: Обод қишлоқ манзаралари ОАВда акс этяптими? 12:23 15/10/2018
{$info.title|escape:'html'}
Обод қишлоқ манзараларини оммавий ахборот воситаларида халқчил ва мазмунли етказишда Фарғона водийсидаги айрим босма ва электрон нашрлар, ижодкорларда етарли маҳорат кўзга ташланмаётгани, “Обод қишлоқ” дастури ғояси нима учун амалга ошираётганлигини одамларимизга тўлақонли етказиб бериш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Батафсил
Фахрий педагог Мукаррам момонинг айтганлари: "Менга энг "иккичи" синфни беришганди" 10:01 15/10/2018
{$info.title|escape:'html'}
Ёдимда, мактабда энди иш бошлаган кезларим эди. Ёш ва тажрибасизлигимни ҳам эътиборга олмай, менга энг "иккичи" ва тўполончи синфни беришган. Тиниб-тинчимаслигим учунми, меҳнатим туфайли шу болаларни одобли ва билимли қилиб, фаол йигит-қизлар қаторига қўшдим.
Батафсил
ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ ОТАСИ ҚАНДАЙ ИНСОН БЎЛГАН ЭДИ? 19:16 14/10/2018
{$info.title|escape:'html'}
Ислом Каримовнинг падари бузруквори Абдуғани бобо 1894 йилда туғилган. Абдуғани бобо бутун умр хизматчи бўлиб ишлаган ва ўзларига ҳам, бошқаларга ҳам қаттиққўл, талабчан инсон эди. Соқолини қиртишлаб олиб, этигини ярқиратиб мойлаб юришга одатланган Абдуғани бобо аввало ўзлари қатъий интизом ва тартиб-қоидага риоя этар, фарзандларидан ҳам шуни талаб қилар эди. Маҳалла-кўйнинг эҳтиромини қозонган инсон бўлган.
Батафсил

"Иван Васильевич касбини ўзгартиради" ёҳуд ҚИРҚ ЙИЛДА ҚАЙТГАН ШОҲ АСАР

Июнь 20
20:35 2017

Маълум ва машхур рус режиссёри Леонид Гайдайнинг “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” номли комедиясини кўп томоша қилгансиз.  Аслида бу асар, таниқли рус адиби Михаил Афанасьевич Булгаков (1891-1940) қаламига мансуб.  Булгаков ёзувчи, драматург, режиссёр, актёр  ҳамда  шифокорлик касбларини эгаллаган бебаҳо истеъдод соҳиби эди. Адибнинг отаси диний академия профессори, тоғалари эса машхур шифокорлар бўлишган. 

1909 йилда Булгаков “Биринчи Киев гимназияси”ни якунлагач,  Киев куллиётининг тиббиёт факультетида етти йил тахсил кўрди. 1916 йилда шифокорлик дипломини олиб, ҳарбий флотга хизматга кириш учун ариза ёзди. Лекин бўйраги хасталиги сабаб бўлиб,  тиббиёт кўригидан ўтолмади. Шундан сўнг кўнгилли равишда Қизил Хоч жамиятига қарашли госпиталда иш фаолиятини бошлади. Биринчи жаҳон урушида қатнашди. Ундан сўнг инқилоб тўнтаришлари даврида харбий қисмларда хизмат қилди. Газеталарга мақолалар ёзди. Харбий шифокор  1921 йили Владикавказда даволанди. Шу чоғларда у, илк бор сахна асарига қўл уриб,  машаққатли ижод йўлига қадам қўйди.

            Шу йили Булгаков Москвага кўчиб келди. Фельетончи сифатида пойтахтдаги  рўзнома ва журналлар билан ҳамкорлик  қилди. Юздан ортиқ хабар, мақола ва фельетонлари чоп этилди.  1923 йилда “Умумроссия ёзувчилар уюшмаси”га қабул қилинди. Шифокор қаламкаш ўзига ҳос наслу насаб ва дунёқарашга эга эди. Орадан уч йил ўтгач ГПУ ходимлари унинг уйида тинтув ўтказиб,  “Итюрак” қиссаси қўлёзмаси ва  кундалик дафтарини  тортиб олишди. Бир неча йилдан сўнг кундалик эгасига қайтарилди. Адиб аччиқ устида  уни ўчоққа ташлаб куйдириб юборди. Офатдан шарофат деганларидек,  кундаликдан олинган кўчирма  Лубянка архивида сақланиб, бизга қадар етиб келди.

            1926 йилда МХАТда адибнинг “Турбинларнинг кечмиш кунлари”  ва Вахтангов номидаги театрда эса “Зоянинг квартираси” номли асари муваффаққият билан намойиш этила бошланди. Шахсан давлат раҳбари Сталин МХАТга серқатнов бўлиб қолди. “Турбинларнинг кечмиш кунлари”  спектаклини ўн тўрт марта томоша қилди. Қачонлардир шеърият йўналишида қалам тебратган Сталин сахнадан кўз узмас, синфий душман оқ гвардиячилар  ҳаётига разм солиб нималарнидир ўйларди. Булгаков ва театр жамоаси  бу нарсадан ҳадик ва хаяжонда эдилар.

1932 йилдаги бир маърузасида Сталин, “Бу асар антисовет асар, Булгаков  бизнинг ижодкор эмас”, дея фикр билдирди. Спектакль дарҳол таъқиқланди.  Бу хабарни эшитган Сталин, асар қўйилаверсин, деб буйруқ берди. Спектакль иккинчи жаҳон уруши давригача ўйналди. Лекин МХАТдан бошқа театрларда қайтиб сахна юзини кўрмади.  Шундан сўнг Булгаков ижодини тошбўрон қилиш авж олиб кетди. Ўн йил ичида 289 та хақоратомуз танқид ва атиги 3 та ижобий тақриз ёзилди. Танқидчилар орасида улкан нуфузга эга Маяковский, Безыменский, Авербах, Шкловский, Керженцев каби ижодкор ва амалдорлар ҳам бор эди. Сталин кейинчалик “таъқиққа учраган ўша асар коммунистларга дарс бўлишга арзийди”, деган фикрни билдирди. “Турбинлар ватанни ҳимоя қилган, софдил, олийжаноб кишилар, – ўйларди давлат раҳбари, – лекин афсуски улар оқ гвардиячилар”.

 1928 йилда Булгаковнинг “Арғувон орол” асарининг премьераси бўлиб ўтди. Адиб “Уста ва Маргарита” ва Мольер ҳаётига бағишланган “Риёкорлар асорати” устида ишлашга бошлади. 1930 йилда нашриёт ва газеталар Булгаков асарларини чоп этишни тўхтатишди. Ҳамма пьесалари театр сахналаридан олиб ташланди. Булгаков моддий жиҳатдан қийин аҳволда қолди. У  “Уста ва Маргарита”  асаридаги ертўлада яшовчи ночор устага айланиб, “уста” билан “иблис” ўртасида шартнома тузиш фурсати яқинлашди.  Сталинга “мени иш билан таъминланг ёки хорижга чиқиб кетишимга руҳсат беринг”, деган мазмунда хат ёзди. Сталин хат билан танишиб, шахсан ўзи адибга телефон қилди. Булгаков МХАТга борса раҳбарлар албатта ишга олишларини айтди. Подшоҳнинг амри вожиб! У борди – уни ишга олишди. У  МХАТда режиссёр вазифасида ишлай бошлади.  1932 йилда Гогольнинг “Ўлик жонлар” асарини сахналаштирди. Ҳатто актёр сифатида, Дикенснинг  асарида судья ролини ҳам ўйнади. Театрда ишлаши натижасида, актёрлар ҳаёти билан яқиндан  танишиб, “Марҳумнинг ёзувлари” асарини яратди.

Шу даврда режиссёрлар унга мурожаат қилиб, “Фароғат” номли бир  қувноқ пьеса ёзиб беришини сўрашди. Режа шундай тузилди; асар фантастик кайфиятдаги комедия бўлсин.  Герберт Уэллс қаҳрамони ясаган вақт машинаси ҳам иштирок этсин. Бош қаҳрамонлар вақт машинаси воситасида ўтмиш ва келажакка боришсин. Шўро давлатининг калажакдаги роҳат-фароғатли ҳаётини ўз кўзлари билан кўришсин.

Булгаков бажонидил рози бўлиб, 1933 йилда “Фароғат” ёки “Инженер Рейннинг туши” номли тўрт пардали пьеса ёзди. Китобхонлар бу асарни халигача табассум билан мутолаа қиладилар. Воқеалар қуйидагича  ривожланган: Йигирманчи аср бошида яшовчи, ихтирочи  инженер Евгений Николаевич Рейн, ўз квартирасида вақт машинасини ясайди. Ёнқўшни Михельсоннинг уйига,  “Яккахон” лақабли жиноятчи Юрий Милославский ўғриликка киради. Уй бошқармаси котиби князь   Бунша-Корецкий, ихтирочининг квартирасига ижара ҳақини қистаб кириб келади. Ўртада гап-сўз кўпайиб, Рейннинг сабри тугаб, вақт машинасини ишга тушириб, қандай ишлашини намойиш қилади. Михельсон уйининг девори кўтарилиб, ўн олтинчи асрдаги Иван Грознийнинг саройи намоён бўлади. Саройда шоҳ  ва  Опричник аъён, авлиё отага нома ёзиб ўтирган эдилар. Ваҳимага тушган аъён орқага, Грозний эса олдинга – йигирманчи аср майдонига қочиб ўтади. У васвасада югуриб, уйнинг чордоғига чиқиб олади. Миҳелсон уйида ўтирган ўғри Милославский, ихтирочи Рейннинг квартирасига ўтиб, вақт машинаси билан қизиқади. Унинг  калити олтин эканлигини билиб қолиб, калитни шартта суғириб, чўнтагига солади. Натижада машина ишга тушиб кетади. Бунша, Рейн ва Милославский келажакка – 2222 йилга бориб қоладилар.  Бу даврдаги шўролар давлати “Фароғат” деб аталарди. Фароғат мамлакатида милиционерлар,  ўғрилар, бюрократ қоғозбозлар умуман тугатилган. Фан-техника ўта такомиллашган эди. Эшик-деразалари люкка ўхшаш уйлар, ойнаванд устунларга ўхшарди. Фуқаролар фраклар ва бошқа ажабтовур кийимлар кийиб, елкаларига реактив моторли қанот тақиб, ҳоҳлаган жойларига учиб кетаверардилар. Ичимлик суви каби кранлардан тоза спирт оқар, фароғатликлар эса уни умуман ичмасдилар. Муаллиф даҳосига қойил қолса бўлади. Ҳозир айнан шундай реактив қанотларда уча бошланди. Спирт эса ёқилғи, техник жиҳозларни тозалаш воситаси сифатида ишлатиляпти. Фароғатда яшовчи  ихтиролар бўйича халқ комиссари Радаманов, унинг қизи Аврора,  котибаси Анна, Гармония Олийгоҳи директори Саввич,  тиббиёт профессори Граббе ва  меҳмонлар ўртасида кулгили хангомалар юзага келади. Милославский бу ерда бемалол  ўғрилик қилади. Кранда оқаётган спиртдан ичиб,  котиба Аннани ҳам ичириб, унинг аҳлоқини бузади. Маиший бузуқ  Бунша,  Аннани бузуқчиликка тортмоқчи бўлади. Жувоннинг Милославский билан юриб кетганини билгач, аламига чидолмайди. Чақимчилик қилиб, котиба Анна ҳақида ёзма маълумот тўплайди. Лекин бу анонимкани на қабул қиладиган идора бор, на жазолайдиган милиция! Рейн эса Радамоновнинг қизи Аврорани севиб қолади. Фароғат мамлакати олимлари, тентак Бунша ва ўғри Милославскийни даволанишга жўнатмоқчи бўлишади. Шундан сўнг Милославский, вақт машинасининг олтин калитини Рейнга беради. Улар йигирманчи асрга қайтадилар. Авроранинг отаси Рейнни огоҳлантирганига қарамай, у Аврорани олиб қочади. – Инқилоб даврида Аврора номли харбий кема подшоҳ саройини  тўпга тутиб, қандай хонавайрон қилгани ёдингизда бўлса керак!  Милославский эса елкага тақиб училадиган битта реактив қанотни ўғирлаб қочади. Эрни хонавайрон қилувчи бошема хотин ихтирочи дахога, фан-техника ютуғи эса ўғрига насиб қилганини кўринг! Бахтга қарши, йигирманчи асрда  уларни милиция кутиб турганди. Милославский реактив қанотни тақиб,  осмонга учиб кетади. Омма оғзини очганча унинг ортидан қараб қолади. Рейн чордоққа чиқиб қараса, ҳаммани зириллатган Грозний атрофда бўляпган воқеаларни кўриб, ақлдан озиб жинни бўлиб, зир титраб ётибди. Калима ўгиришдан бошқасига ярамайди. Рейн вақт машинасини ишга солиб, шўрлик Иван Грознийни ўз замонасига жўнатиб юборади. Милиция ходимлари, тентак Бунша, ихтирочи дарвиш Рейн ва  бу замонга даҳли йўқ бегуноҳ Аврорани ушлаб, милиция бўлимига олиб кетадилар. Парда ёпилади.

         Пьесани ўқиган театр арбоблари бош қашлаб қолишди. Ҳали у, ҳали бу ерини ўзгартириб кўришди,  лекин бир тўхтамга келиб бўлмади. Дарҳақиқат, ўша кезларда шўролар келажагини фараз қилиб кўриш ҳам амримаҳол эди. Тақдири азал навбати билан “ликвидация”га ҳозирлаётган, оташин коммунистларнинг сиймосига қараб, келажак ҳаётни қандай тусмоллаш мумкин. Бу ўзига ҳос муаллиф, шўроларга хизмат қилувчи асар ёзгиси келиб, ҳар қанча уринса-да уддалолмас, қош қўяман деб кўз чиқариб юрарди. Оламлардан, одамлардан қочиб кетиш мумкин, ўзингдан қочиб қаерга ҳам борардинг.

               Ниҳоят, театр арбоблари шўроларнинг йигирма учинчи асрдаги фароғатли ҳаётига ўт қўйиб, ундаги қаҳрамонларни адам водийсига равона қилишди. Тўрт пардали шўрлик “Фароғат”дан биринчи парда ва ундаги чиркин қаҳрамонлар қолди, холос. Муаллифдан вақт машинаси “курс”ини ўзгартириб, ўтмиш замонга саёҳат қилишини, шоҳ Иван Васильевичга кўпроқ урғу  беришини сўрашди. Шундан сўнг Булгаков янги пьесани “Иван Васильевич” дея номлади.

               Энди инженер Рейн - Николай Иванович Тимофеевга, Святослав Владимирович Бунша - Иван Васильевич Буншага, Миҳелсон эса Шпакка айландилар. Бундан ташқари, асарга янги қахрамонлар – ихтирочининг артистка хотини Зинаида Михайловна, унинг жазмани Якин, Буншанинг хотини Ульяна Андреевна, қадим замонда эса Котиб –Дьяк, Малика, Шведлар элчиси, Бош руҳоний – Патриарх, гусля чалувчи созандалар ва дастурхончи аъёнлар сиймолари қўшилди. Энг муҳими, Иван Грозний ва Иван Бунша адашларга айланиб, икковининг ўрни алмашиб қоладиган кулгили вазият ўйлаб топилди. Бир-биридан кескин фарқ қилувчи қаҳрамонлар, бетакрор сиймолар ансамблини ташкил қилди. Лекин Булгаков уларнинг бирортасини ҳам ёқламади. Замонлар ва замондошлар устидан мириқиб кулди.  Ўша пайтларда радиодан, сиёсий аҳамиятга эга чўчқабоқар хотинлар, стахановчи эркакларни шарафловчи қўшиқлар тинмай янграрди. Пьеса чўчқабоқар жувонларга бағишланган “Псковлик аёллар” қўшиғи билан бошланади. Уй бошқарувчи Бунша  князьнинг ўғли, яъни, дворян эканлигини яширишга уринади. “Мен аравакаш Пантелейдан туғилган харомиман”, деб даъво қилади. Асар ёзилаётган кезларда кўплаб шўро арбоблари ўз насабидан тониб яшагани ҳеч кимга сир эмасди.  Инженер Тимофеев – хотинини биров олиб кетишига бепарво даюс. Хотини Зинаида – тўртта эрга тегиб, бу эрини ҳам алдаб, бешинчиси – Якин билан қочиб кетаётган фохиша.  Шпак – пасткаш жабрдийда. Ўғирланган нарсаларини икки баробарга кўпайтириб, ҳозир ичган онтига ҳозир ҳиёнат қилади. Якин – ўз ҳамкасбларини кўра олмайдиган, хотинлар қўлида ўйинчоқ бўлиб юрган режиссёр.  Милославский – бугунги кунда ҳам, ўтмишда ҳам қаллоб. Ўз жонини сақлаш мақсадида, шоҳ лашкарларини Қрим хонига қарши урушга жўнатиб юборади. Битта элчининг медальонини ўмариш учун битта вилоятни шведларга тортиқ қилади. У ҳатто Патриархнинг бўйнидаги олтин зуннорини – худо тимсолини ўғирлашгача бориб етади.  Натижада бош рухоний халқни жунбушга келтириб, шоҳ саройига оломон бостириб киради. Биргина Иван Грознийда виждон, номус ва саҳоват бор. Лекин у ҳам каллакесар опричникларга таянган, янгиликка ва илмга қарши золим. Қанот ясаб учмоқчи бўлган ихтирочини порохли бочкага ўтқазиб учиради. Пьеса якунида Кемь вилоятини шведларга беришганидан ғазабланиб жанжал кўтарган Иван Грозний, ўз Котибини ураман деб вақт машинасини уриб синдириб, ўз замонига қайтиб кетади. Пушаймон бўлган инженер Тимофеев йиғлаб: “Мана шундай чўчқалар орасида яшаб,  қандай қилиб юксалиш мумкин!” дейди.  Асар якунида яна “Псковлик аёллар” қўшиғи янграб, парда ёпилади.

Буюртма асар битиб, театр жамоасига топширилди. Уни ўқиган театр арбобларининг тепа сочи тикка бўлди. Шўро сиёсати икки оғиз сўз билан мақталиб, қолган барча диалогларда пачағи чиқарилган. Хар бир сахна, хар бир диалог шўроларнинг нозик сиёсатига болта урмоқда. Дворянлик насабидан тониш Ленинга, харомилик тамғаси унинг подшоҳга суиқасд қилган акаси Александрга, (чоризм даврида уни юқори синф ўқувчисидан туғилган деган ғийбатлар юритилган эди) Кемь вилоятини шведларга бериш шармандали “Брест сулҳи”га бориб тегади. Опричниклар эса ОГПУ ходимларига босилган тамға. Негаки, Иван Грозний айнан опричникларга таяниб барча мулкдорларни талаб, мол-мулкини ўзлаштирган. Шўролар бу масалада Грознийдан минг карра ошиб тушишган. Мамлакатни радиолаштириш, меҳнатни тараннум этувчи қўшиқлар, уйбошқарувчилар ва квартира тўловларига  қаршилик кундалик сиёсатни қоралаш билан баробар. Буншанинг таъкидлашича, вақт машинаси яратиб бошқа замонни томоша қилиш учун милициядан руҳсат олиш керак.  Демак, бу золим шўро давлати дастидан беруҳсат  туш кўриш ҳам мумкин эмас! – Иван Грозний тимсоли эса Иосиф Сталин шаҳсиятининг ўзгинаси! Грозний заррача қарши чиққан кишини қариндош уруғи билан қирган. Уй-жойига ўт қўйган. Ленин бу масалада Сталиннинг олдида ип ҳам эшолмасди.  Хуллас, диалоглардаги кесатиқли шамаълар моҳиятини санаб саноғига етолмайсиз. – Вой баттол! Бу Булгаков қандоқ одам ўзи?!

  Асарни беш киши қайта ўқиб чиқиб, яна ўзгартиришни талаб қилишди. “Иван Грозний шўро мамлакатининг келажак даврига борсин, ўшандаги ободликларни кўриб, “ва-а-а! Ана гўзаллик! Ана ободлик! Менинг даврим ёмон экан, шўро даври яхши эка-а-ан!” деб оғзини очиб қолсин”, дея таклиф қилди бир арбоб. “Яна битта пионер қизни қўшайлик, – маслахат берди режиссёр Горчаков. – Ўша қиз ҳаммани танқид қилиб, сизлар бунақа яшанг, унақа яшанг, деб ақл ўргатсин!” Лекин муаллиф бу таклифларни қабул қилмади. 

Ваниҳоят, 1936 йилда Горчаков, Сатира театрида “Иван Васильевич”ни сахнага қўйди. Оқибатидан қўрқиб, кўплаб диалогларни юмшатиб, Милославскийни чўчқага ўхшаш шалпангқулоқли  грим қилдирди. Тақдимот куни фирқа раҳбарлари ва бошқа арбоблар театр залига кириб хўмрайиб ўтиришди. Асар тамом бўлгач, индамай туриб чиқиб кетишди. Қўмитадан келган раҳбар “бу асарни тўхтатинглар” дея кўрсатма берди. Уч йиллик меҳнат бир сўз билан йўққа чиқди. 

Шу йили МХАТда Булгаковнинг “Риёкорлар асорати” асари ҳам саҳнага чиқишга бошлаган, беш йил давомида репетиция қилиб юрилган эди. Пьеса муваффақиятли равишда  сахнага қўйилди. Адибнинг душманлари пайт пойлаб туришганди. “Правда” газетасида “сохта, реакцион, яроқсиз!” деган тамғалар остида қақшатқич зарба берилди. Атиги етти марта ўйналган спектакль тўхтатилиб, сахнадан олиб ташланди.

Булгаков шу  инқироздан сўнг МХАТдан кетди.    У бирдан, Сталин ҳақида пьеса ёзмоқчи эканлигини ижодкорлар орасида овоза қилди. Бунга нима сабаб бўлди экан? Шу йўл билан танқидчилар ва рақибларидан қутилмоқчи бўлдими? Ёки ўша пайтдаги қатағон қурбонлари қаторига тушиб қолишдан чўчидими? Нахотки Булгаков ич-ичидан қўрқиб яшаган  бўлса? Бу таҳминга ишониш қийин. Москва Бухарин ва Риковлар фитнаси, террорчилик харакатлари ва қатағонлардан зир титраб турган бир пайтда Булгаков, сургунда юрган дўсти Эрдманни  қутқариш мақсадида Сталинга хат ёзган эди. Демак, адиб Сталин билан яқин бўлган, акс ҳолда бу шафеълик унга анча қимматга тушиши ҳам мумкин эди.

У 1937 йилда Большой театрга ишга ўтиб, либретточи ва таржимон сифатида ишлай бошлади. Исаак Дунаевский билан дўстлашди. “Минин ва Пожарский” ҳамда “Пётр-1” асарлари устида ишлади. Сталин ҳақида асар ёзишини кўп гапирсада, лекин пьесани ёзмай юраверди. МХАТда ишловчи Марков ва Виленкинлар ундан театрга бирорта асар ёзиб беришини илтимос қилишди. Булгаков бунга кўнмади. “Барибир бундан фойда йўқ, менга кун беришмайди”, деб жавоб қилди. Шунда улар, Сталин ҳақида асар ёзиши шартлигини айтиб, уни кўндиришга ҳаракат қилишди. Булгаков ўйланиб қолди.

1939 йилда “Батум” песасини ёзишга киришди.  “Барча халқлар ва замонлар отаси” Сталиннинг ёшлик чоғларида бўлган воқеалар жуда ишонарли ва жозибали ёритилди. Сталин томонидан ижобий баҳоланди. Сталин, Немирович ва Булгаков билан театрда суҳбатлашиб, асарга қўшимча фикр-мулоҳазалар билдирди. Асар Немирович бошчилигида МХАТда қўйиладиган бўлди. Булгаков, рафиқаси Елена Сергеевна билан Грузияга  бориб, Батум қўзғалони тарихини ўрганиб, асарни янада кучайтириш илинжида юрганда,  Москвадан спектаклни тўхтатилгани ҳақида телеграмма юборишди.  Айтишларича, Сталин ўзи ҳақида асар қўйилишини ўзига эп кўрмаётган эмиш. Булгаков кутилмаган совуқ хабардан музлаб қолди. Бу театрал воқеа кўп мубохасаларга сабаб бўлиб, ҳалигача давом этиб келмоқда.  – Нима учун “Батум” тўхтатилди? Бу нима, “Турбинларнинг кечмиш кунлари” пьесаси ва “Оқ гвардия” романи учун олинган  қасосми? Шуролар устидан кулганига жавобан масхаромуз кулгу бўлса-чи? Ҳақиқатга яқинроқ хулоса шуки, ўша йили немис фашистлари Варшавага бостириб кириб, Иккинчи жаҳон уруши бошланганди. Ташқаридан душман хавф солаётган чоғда синфий кураш мавзусини кўтариб чиқиш тўғри тадбир эмас.  Ҳар ҳолда Сталин ҳам чакана стратег эмас эди. 

Лекин унинг ўша  зарбасидан сўнг адиб, соғлигини, ҳаётга бўлган ишончини йўқотди. Унинг сўнги қўлёзма варақларига томган морфий излари ҳалигача сақланиб турибди. У оғриқ азобини енгиш учун морфий қабул қилиб ишлади. Кўзлари хиралашиб, буйрак касаллиги тобора кучайиб, хафақон хуружи кўпайиб борди. “Уста ва Маргарита” романининг устида ишлаб, уни якунига етказишга улгурди.  Ўзини Уста сиймосида фараз қилиб, Устани эса  Иблис билан шартнома тузишда айблаб, романга якуний нуқта қўйди. 1940 йилда 49 ёшида Москвада оламдан ўтди. Булгаковдан кўплаб роман, қисса, ҳикоя, пьеса, сценарий ва либреттолардан иборат бой адабий мерос қолди.

Орадан йиллар ўтиб, “Уста”нинг барча асарлари вақт машинасига ўтириб, келажакка парвоз қила бошлади. 1973 йилда кинорежиссёр Леонид Гайдай “Иван Васильевич” пьесасини  ўрганиб чиқди ва ўзининг “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” номли комедиясини суратга олди. Кино халққа тақдим этилган йили, асарнинг ёзилганига роппа-роса қирқ йил тўлган эди. Гайдай баъзи бир эпизодларни ўзгартирган бўлса-да, пьесани тўлиқ сақлаб қолди. Шу йилнинг ўзида фильмни олтмиш миллиондан ошиқ томошабин томоша қилиб, жуда катта маблағ йиғди. 

Нурилло АББОСХОН,

ёзувчи

Мавзуга оид

  1. Шоҳ Жаҳон Жўраев наманганлик мухлисасининг уйига борди

    Яккахон концертини тақдим этган хонанда Шоҳ Жаҳон Жўраев мухлисасининг хонадонига ташриф буюрди

    2016-11-10 16:19:33758
  1. Жорий йилда мактаб ярмаркалари учун 37,3 миллион дона ёзув дафтари етказиб берилади

    Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ҳудудлар бўйича дафтар маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ўрганилиб, мактаб ярмаркалари учун 37,3 миллион дона ёзув дафтари етказиб берилиши белгиланган.

    2016-08-05 13:59:58942
  1. «Манчестер Юнайтед» - «Манчестер Сити» - 1:2. Ёҳуд, Гвардиола Моуриньони қандай мағлуб этди?

    Англия премьер – лигасининг 4 – туридадан жой олган, мухлислар томонидан узоқ кутилган, Манчестер дербиси ниҳоясига етди. Навбатдаги, Гвардиола ва Жозе Моуриньонинг «буюк тўқнашув»ида испаниялик мутахассиснинг португалиялик ҳамкасбидан  бироз устун эканлиги гувоҳига айландик. Мақолада учрашувнинг асосий қаҳрамонларидан бошлаб, «қизил иблислар»нинг мағлубиятидаги  3та сабабни келтириб ўтишга ҳарақат қиламиз.

    2016-09-17 13:58:45662
  1. Тоҳир Малик Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида бадиий асар ёзмоқчи

    “Бир мажлисда: “Ҳақиқий мусулмонлар совет даврида бўлган”, дедим. “Қўйсангиз-чи, қанақасига?” дея эътироз билдиришди. “Чунки улар ҳар қандай азоб, тазйиққа қарамасдан собит туришди, иймонларини сақлашди. Энг оғир шароитларда ҳам илм тарқатишди”, дея изоҳладим”.

    2017-05-29 10:00:022581

 

    

Энг кўп ўқилганлар

Календарь

Боғланиш

Алоқа

Телефон: +998 93 406 05 05   
+998 90 988 54 77
Email: namnews@mail.ru

Реклама бўлими: +998 90 988 54 77, +998 93 406 48 40

Бизни кузатинг:

Facebook'даги саҳифамиз: facebook.com/namnews.uzbekistan

Twitter'даги саҳифамиз: twitter.com/namnews.uz