NAMNEWS.UZ—Маънавий-маърифий,ижтимоий-сиёсий,ахборот

 Қисқа сатрларда
Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида Президент мактаблари очилади 19:19 16/11/2018
{$info.title|escape:'html'}
“Мамлакатимизни янги тараққиёт босқичига кўтаришни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўйган эканмиз, буни амалга ошириш учун бизга, энг аввало, янги авлод кадрлари керак. Ана шундай юксак салоҳиятли кадрларни тарбиялаш мақсадида юртимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан янги типдаги мактаблар - Президент мактабларини ташкил этишни режалаштирганмиз”, деди Шавкат Мирзиёев.
Батафсил
Таэквондочиларимиз эътирофда: Таиландда олтин олган олтовлон 09:38 14/11/2018
{$info.title|escape:'html'}
Таиландда ўтказилган анъанавий халқаро турнирда наманганлик ёшлар Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, шода медалларга эга бўлди.
Батафсил
Эълонлар тахтаси 09:29 14/11/2018
Батафсил
Телефондан бошингни кўтар, замондош! 19:53 13/11/2018
{$info.title|escape:'html'}
Ҳозир эса кўпчилик қўл телефонидан бош кўтармайди. Ҳамма нарса — энди қўл телефони! Э, бошингни кўтар, замондош! Сени не-не рўзномалар, китоблар кутяпти!
Батафсил
Тиббиёт ходимлари муносиб шарафланди 09:28 12/11/2018
{$info.title|escape:'html'}
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бугунги кунда тиббиёт ходимлари олдида турган долзарб вазифалар ҳақида тўхталар экан, энг аввало, тиббий профилактика, яъни касалликларнинг олдини олиш, касал бўлмаслик учун нималар қилиш кераклиги ҳақида тарғибот ишларини аҳолига етказиш, одамлар онгига қуйдира олиш лозимлигини таъкидлади.
Батафсил

КЎЗ ҚАРОҒИМДАСАН ВАТАН! ёҳуд миллатни ташвишга солаётган муаммолар

Май 10
20:18 2018

Ушбу мақолани ёзиш керакми ё йўқми деган савол устида узоқ ўйландим. Ёзай десам, худди ўз дўстларимга, ўз ёру-биродарларимга, ўз ҳамшаҳарларимга, ўз халқимга қарата тош отаётгандай юрагимни истиҳола эгаллади. Ўзим ҳам шу халқнинг бир вакилиман. Шу халқнинг нима фазилати бўлса, шу фазилат менда ҳам бор. Шу халқнинг нима айби нуқсони бўлса, айнан шу айби нуқсон менда ҳам бор. Шундай экан шу халққа танаи маломат қилишнинг нима кераги бор деган фикр, ушбу мақолани ёзишимга йўл қўймас эди. Ёзмай десам, шу халққа, ўзимнинг акамга, катта-ю кичик дўст биродарларимга, ўйлаганларимни айтмай хиёнат қилаётгандек бўлавердим.

Бор йўғи бу фикр мулоҳаза-ю деган илинжда, қўлимга қалам олдим. Абдулҳамид Чўлпон ҳазратлари бундан юз йиллар бурун:

Мактаба йўқ бир тийин, тўйга минг сўмлаб берур,

Чорасиз мушкул касалга мубталодур бизни халқ,

дея ёзган эдилар. Қаранг, юз йиллар олдинги муаммо, бугун ҳам муаммолигича турибди. Бугун ҳам ўша халқ ўша халқ. 100 миллион сўмга мошинасига чапани номер олади-ю, аммо минг сўмга боласига китоб олиб бермайди. Ўзбекистон халқи бир йилда 3 миллард доллар маблағни тўй ҳашамга сарфлайди-ю, аммо бутун Ўзбекистон аҳолиси бир йилда 100 минг долларлик китоб сотиб олмайди. Ҳатто имом Бухорийнинг ҳам китоблари йиллар давомида китоб дўконларида сарғайиб тураверади. Олмония аҳолисининг 95 фойизининг уйида шахсий кутубхонаси бор, минг йиллик маданиятга, маърифатга эга Ўзбекистон аҳолисининг 95 фойизининг уйида шахсий кутубхонаси йўқ.

“Китобсиз уй – қалбсиз танага ўхшайди”, деган эди Цицерон жаноблари. Биз, Амир Темур бизнинг бобомиз, ўзбек миллати буюклигининг тимсоли, бизнинг фахру-ифтихоримиз дея кўкрак керамиз-у, аммо Амир Темур бобомизнинг ушбу сўзлари бизга мутлақо алоқаси йўқдек, лоқайдмиз: “Китоб барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл идрокнинг, илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”.

Китоб ўқиганда нима ўзгарарди дейишингиз мумкин. Бугунги маънавий қашшоқ ҳаётимиз ўзгарарди. Кейинги қирқ йил ичида бирорта илмий кашфиёт қилдикми? Йўқ. Шахсан мен бирорта оламшумул илмий кашфиёт қилиб олам аҳлини лол қилганимизни эслайолмайман. Бирорта ёзувчимизнинг китоби ҳам жаҳон адабиёти дурдоналарига бориб қўшилганини билмайман. Ҳеч бўлмаганда пахта териш машинасини яратаолмадик. Ҳали ҳам ўша ўша эллик йил аввал пахта далаларимизга кириб келган баҳайбат ва бесўнақай пахта териш машиналаридан фойдаланиб ётибмиз. Ўшалар ҳам худди диназаврлардек, йўқолиб кетди. Ўтган йили пахтани 95 фоизини худди ибтидоий замоналардагидек қўлда тердик. Наҳотки, кичкина кичкина, ихчам ва қулай пахта териш машиналарини яратишнинг иложи йўқ. Наҳотки тўйга сарфлайдиган 3 миллиард доллар маблағни ҳеч бўлмаганда ўндан бирини илму-фанга, маърифатга сарфлашнинг вақти келмади. 

2017 йил июнь ҳолатига кўра, Россияда легал ҳолатда ишлаётган Ўзбекистонлик фуқаролар-1,9 миллион нафарни ташкил этади. Норасмий маълумотларга кўра, “норасмий” ҳолатда Россияда ишлаётган ўзбеклар сони таҳминан 1,3 миллион нафар. Нега Россияга бориб бирорта япон ёки инглиз ишламайди? Чунки, Японияда ҳам, Англияда ҳам илм фан тараққий этган. Бизда эса, ҳамма илму-фан билан эмас, тўй томоша билан банд. Аслида Худо бизга Япониядан ҳам кўра, Англиядан ҳам кўра ер ости ва ер усти бойликлари кўпроқ заминни, Ватанни, юртни, ўлкани тортиқ этган. Мана шу бойликлардан унумли фойдаланишимиз учун бизда ақл идрок, тафаккур етишмайди, яна ҳам аниқроғи, мана шу ақлу –идрокимизни ишлатадиган салоҳият, билим ва уқув, рағбат, шарт- шароит, йўл йўриқ етишмайди. Биз илму фан йўлидамас, айш ишрат, маишат, боқибеғамлик, лоқайдлик, карахтлик, дабдабабозлик, жаҳолат йўлидамиз. Авваллари, йигитларимиз, қизларимиз 20-22 ёшда турмуш қуришар эди. Йигит 23 ёшдан ошса гап сўз бўлиб кетар эди. Ҳозир бу ёш 28-30 ёшга бориб қолди. Йигитлар тўй харажати кўпайиб, тўй қилиш қийинлашиб кетгани, тўйнинг қимматбаҳо даҳмазалари кўпайиб кетгани учун 28-30 ёшга бориб уйланаяптилар.

Қизларимиз учун 26 ёшда турмушга чиқиш оддий ҳол бўлиб қолди. Бу ҳолат жамиятимизда фаҳшнинг, бузуқликнинг, зинонинг кўпайишига олиб келмоқда. Тўй ҳам муқаддас маросим эмас, исломий турмуш тарзимизга мутлақо зид маросимлардан бири бўлиб қолди. Барчамиз ўзимизни мусулмон фарзандимиз дея кўкрак керамиз-у, аммо икки ёш Худонинг Каломини ўртага қўйиб, ҳаёт йўлларига Оллоҳнинг муқаддас муҳрини босиб, никоҳ кечасини ўтқазаётган паллада, мусулмончиликка зид ишларни қиламиз. Келинни ярим яланғоч кийинтириб ҳаммага кўз кўз қиламиз.

Эркагу аёл аралашиб ўтирамиз, гўзал қиз жувонларга суқ билан қараймиз. Эркагу-аёл ўртага тушиб хумордан чиққунча ўйнаймиз. Бир биримизнинг қўлимизни ушлаймиз. Қичиқ қичиқ куй қўшиқларни айтадиган, шаҳвоний хисларимизни жўштирадиган эркагу-аёл санъаткорларни даврага чорлаймиз. Бошқа пайт ўлақолса чиқмайдиган пулларимизни шу отарчиларга қистирамиз ва бундан лаззатланамиз. Дастурхонимизнинг ўртасига эса, Оллоҳ Қуръони каримда ҳаром қилган ва унинг ҳаромлиги ҳаммамизга аниқ ва равшан бўлган ароқни, конякни, шампанскийни, оқ ва қизил винолари қўйиб қўямиз ва уларни ичиб келин куёвларга бахту саодат, қўша қариб юришларини тилаймиз. Аммо, Худога қарши иш қилиб, Худонинг қаҳру-ғазабини қўзғаб турганимизда, Худо бизнинг тилакларимизни қабул қилармикин?

Бундан, 150 йил олдин бизни Рус мустамлакачилари босиб олган эди. Нега? Чунки биз тўй ҳашамга, маишатга, хотинбозликка берилиб кетган эдик. Илм фан қотиб қолган эди. Кашфиётдан, маърифатдан узоқ эдик. Руслар қурол кўтариб келганда биз уларга қарши паншаҳа кўтариб чиқдик. Улар битта замбарак билан юз кишини ер тишлатди. Биз паншаҳамизни кўтарганча орқага қочдик. Улар орқамиздан ўқ узиб, зўрлигини кўрсатди. Хўш бугун-чи? Бугун балки улар қурол кўтариб келмас. Аммо улар ўз ўлкаларида турибоқ, ақл идрок ишлатиб барча бойликларимизни тортиб олмоқда. Бир парча айфон телефон 500 доллар. Бизнинг уч ойлик иш ҳақимиз.

Ўзбекистонда ҳозир юз мингта айфон телефон бор деб ҳисобласак, 50 миллион доллар пулимиз Америкага қараб йўл олмоқда. Бу бизни забт этишнинг янгича йўли эмасми? Компъютерлар, уяли алоқалар хизматига тўланаётган ҳамма пуллар четга чиқиб кетаётгани бизнинг ожизлигимиз, заифлигимиз, моддий жиҳатдан тобелигимиз, қарамлигимиз, уларга тан берганимиз, ютқазганимиз эмасми? Улар бизни забт этаётгани эмасми? Уларга қул эканимиздан далолат бермаяптими? Олтинларимизни, уранларимизни, нефтларимизни, газларимизни улар ишлаб бераётгани ва бойликларимизни ярмини олиб кетишаётгани, бизни забт этаётганлари эмасми? Бойларимиз, амалдорларимиз Ўзбекистон халқининг пулларини, олтинларини Швецария банкларига ўғринча қўйиб, охирида ўзлари касод бўлиб, уларни ҳеч ким қайтариб ололмаётгани, бойликлар ўша давлатларда қолиб кетаётгани нақадар ақлсизлигимиздан, халқимизга хиёнат қилаётганимиздан далолат эмасми?

Нега шунча бойликларни чет элларга олиб бориб яширдиг-у, нега ўз юртимизда битта мактаб қурмадик, битта университет қурмадик. Ахир Ўзбекистонда Олий ўқув юртлари жуда оз-ку? Европа аҳолисининг 40 фоизи олий маълумотли бўлгани ҳолда, Ўзбекистон аҳолисининг бор йўғ-и 7-8 фоизи олий маълумотли-ку? Олий ўқув юртига кириш учун битта ўринга ҳар йили ўнта-ўн бешта одам жонини ҳовучлаб туради, аммо ўнта, ўн бештадан бор йўғи битта одам Олий ўқув юртига киради. Бу фожеа эмасми? Дунёдаги энг катта бойлик ақл эмасми? Агар биз болаларимизни ақлли, заковатли, билимли, иймон эътиқодли қилсак, уларнинг ўзлари бизга пахта териш машиналарини ҳам, компъютерни ҳам, айфонни ҳам ясаб бермайдиларми, бойликларимизга ўзимиз эга бўлмаймизми? Япония, Сингапурнинг ўзининг ҳеч қандай бойлиги йўқ. Аммо уларда ақл бўлгани учун бутун дунёнинг бойлигига эга бўлиб турибди. Бутун дунё бойлиги ҳисобига шоҳона ҳаёт кечирмоқда.

Америка коинотга тинимсиз фазовий кемаларни учирмоқда. Аммо бизнинг ҳатто велосипед ишлаб чиқарадиган заводимиз йўқ. Асакада ишлаб чиқарилаётган машиналаримизнинг бирортасини бирор жойида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган деган ёзув йўқ. Амир Темур бобомиз бутун дунёдан илм аҳлини йиғиб, дунёнинг энг қудратли давлатини қурган эдилар. Чунки, ақлли одамлар бутун дунёни бошқаришини билган эдилар. Ўша анъана бугун ҳам давом этмоқда. Америка, Хитой, Англия бутун дунёга жар солиб ақлли одамларни йиғмоқда. Биз эса, ўзимизда бор ақлли инсонларни, зиёлиларни қадрига етганимиз йўқ. Зиёлиларнинг маоши энг кам маошдир. Битта тадбиркор бир кунда топадиган пулни, зиёли ўнта китоб чиқариб ҳам топаётгани йўқ. Шунинг учун зиёлиларимиз иш излаб чет элга кетишга мажбур бўлмоқда. Ўзбекистон эса ишлаб чиқарувчи плантацияга айланиб бормоқда. Уни босиб олувчилар, аввалгидай қурол яроғ билан эмас, ақлу-идрок билан босиб олиб, тобора ўзига қарам қилмоқда.

Ёмоннинг бир қилиғи ортиқ деганларидай, илмсизлик, жаҳолат, ўзи туғилиб ўсган Ватанни севмаслик, миллатни севмаслик юртимизда порахўрликни ривожлантириб юборган. Порасиз бирор ишингиз битса, бу ниҳоятда ҳайрон қоларлик ҳол. Хитой 2000 йилдан буён 20 минг порахўр амалдорни ўлим хукми билан жазолагандан сўнг, иқтисодиёти, маданияти гуркираб ўсиб кетган ва Америка юз йил мобайнида ишлаб чиқарган цемент маҳсулотларини икки йилда ишлаб чиқарган экан. 4 млн километр асфальт йўл қурган экан.

Кейинги ўн йилликда Хитой давлати 300 минг дона кўприк қурган, бу кўприкларнинг мингтаси бир километрдан узунроқ экан. Хитой бир йилда 20 миллион дона автомобил ишлаб чиқарар экан. 2000 йилдан буён ҳар йили 100 дона аэрапорт қурар экан. Хуллас, бундай рақамларни келтираверсак, одамни капалаги учади. Бу ҳаммаси порахўрлик йўқолганининг, илм фан ривожланганининг, одамлар тўй ҳашамга эмас, китоб ўқишга, маърифатга, билимга, ҳалолликка, тўғриликка интилганининг, ўз Ватанларини жон жаҳдлари билан севганлигининг шарофатидир. Илм олиш қандай бўлади, дея савол беришингиз мумкин. Бу биз учун янгилик эмас. Бунда бизга ота боболаримизнинг қандай илм олганликлари намуна бўлиши мумкин. Биз бу борада ҳам бошқалардан эмас, ўз юртимизда яшаб ўтган, ўз томирларимиз туташиб кетган ота боболаримиз бизга яққол ўрнак бўлиши мумкин. Бунга баъзи мисоллар келтираман.

Муҳаддислар султони Имом Бухорий илм сирлари билан қизиқиб, дунё кезиб, олтмиш мингдан зиёд ҳадис тўплаганида 16 ёшдан эндигина ошганди. Шунингдек, у зотнинг 63 йиллик умри давомида амалга оширган ишлари бутун умрига таққосланса, 63 йилдан ҳам ортади. Имом Бухорий 300 000 ҳадисни ёд билган. Форобий жуда ёшлигиданоқ тил ўрганиш билан шуғулланиб, умри давомида 70 дан кўп тилда мулоқот қила олган. Беруний бобомиз ўттизга яқин тилларни билган ва мулоқот қила олган. Абу Али ибн Сино бобомиз ҳам етти ёшликларида Қурони Каримни ёд олиб, юзга яқин маърифий китобларни битганлар. Амир Темур бобомиз 15 яқин тилни билиб, 29 давлатни ўзига бўйсундирган, забт этган, ҳарб илмининг отаси бўлган.

Зайд ибн Собит 13 ёшда, ваҳий ёзувчиси бўлган ва сирйоний ва яҳудий тилини 17 кечада ўрганган ва Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг таржимони бўлган, Қуръонни тўлиқ ёд олган ва уни жамлашда ёрдам берган.
Саъд ибн Абу Ваққос 17 ёшда Аллоҳ йўлида биринчи ўқни отган ва маслаҳат соҳиблари бўлмиш олти кишидан бири бўлган ва Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам унга ишора қилиб "бу менинг тоғам, қани ҳар бир киши менга ўзинининг мана шундай заковатли тоғаси борлигини кўрсатсин-чи !?" деб илм аҳли билан фахрланганлар.

Мен ўз Ватанимни яхши кўраман, ўз миллатимни ардоқлайман, бошқа бирор Ватанни, бошқа бирор миллатни ўз Ватанимни, ўз миллатимни севганчалик севмайман. Шу Ватан учун барча бойлигимни, барча топган тутганимни, топган илмимни, қалб қўъримни, умримни, ҳаётимни беришга тайёрман. Мен уни барча тўй ҳашамлари, урф одатлари, яшаш тарзи, орзу ўйлари, ўтмиши ва бугуни билан севаман. Унинг сахийлигини, бағрикенглигини, меҳридарёлигини севаман. Ўлсам ҳам ўзбек эканлигимдан фахрланиб ўламан. Ўзбекистонни дунёдаги энг гўзал мамлакат деб севаман. Аммо, ушбу мақолани ёзишимдан мақсад нима?

Мақсад, менинг юртдошларимни илму-маърифатли халқ деб бутун дунёда севсинлар. Мақсад, уни илму-фан энг ривожланган давлатлардан бири деб ардоқласинлар. Мақсад, юртдошларимиз чет элларда эмас, ўз юртимизда ҳур ва эркин, дориламон, фаровон, тўкин сочинликда, ота онасини бағрида, Ватанимиз эъзозида меҳнат қилсинлар ва шараф топсинлар. Ҳамма, бизнинг Ватанимизда Адолат, Ҳуррият, Ҳақиқат борлигини кўрсинлар ва давлатимиз дунёдаги энг қудратли давлатлардан бири эканига тан берсинлар. Ушбу мақолани ёзишимдан мақсадим, шундай улуғ кунлар келсинки, бундай таънали, надоматли, маломатли мақолани ёзишга қўлим бормасин. Мен орзу қилган, мен истаган Ватан кўз олдимизда юксак қад ростласин. Ўзбекистонни фақат Ўзбекистонликлар эмас, бутун дунё халқлари севсин, ҳурмат қилсин, тан берсин, ардоқласин. Мен шуни истайман, холос.

Муҳаммад Исмоил

Мавзуга оид

  1. Президент: Битта бўлса ҳам жиноят бўлгани ҳаммамизни ташвишга солиши керак
    “Ҳар бир жиноятнинг илдизигача етиб бориш, жамиятда жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини шакллантириш керак. Акс ҳолда, жиноятнинг оқибатлари билан овора бўлиб юраверамиз. Бундай кайфият билан ишлашга йўл қўймайман”, деди Шавкат Мирзиёев.
    2018-07-27 20:25:302035
  1. Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари хонадонма-хонадон ўрганилади, муаммолар аниқланиб чоралар ишлаб чиқилади

    Президент Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидаги чиқишида Бош вазир ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоевага кечиктириб бўлмайдиган бир қатор вазифаларни амалга оширишни топширди.

    2017-01-16 14:14:571076
  1. Кўз саратонига қарши дори топилди

    Юта университети тадқиқотчилари кўз раки ёки ретинобластома каби даволаш қийин бўлган зарарли ўсимталарни даволашнинг янги усулини ишлаб чиқишди.

    2016-06-06 11:26:281164
  1. «Манчестер Юнайтед» - «Манчестер Сити» - 1:2. Ёҳуд, Гвардиола Моуриньони қандай мағлуб этди?

    Англия премьер – лигасининг 4 – туридадан жой олган, мухлислар томонидан узоқ кутилган, Манчестер дербиси ниҳоясига етди. Навбатдаги, Гвардиола ва Жозе Моуриньонинг «буюк тўқнашув»ида испаниялик мутахассиснинг португалиялик ҳамкасбидан  бироз устун эканлиги гувоҳига айландик. Мақолада учрашувнинг асосий қаҳрамонларидан бошлаб, «қизил иблислар»нинг мағлубиятидаги  3та сабабни келтириб ўтишга ҳарақат қиламиз.

    2016-09-17 13:58:45701
  1. Ватан шаънини улуғлаш – энг буюк бахт

    Пойтахтимизда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида август-сентябрь ойларида бўладиган ХХХI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон спорт делегациясини кузатиш маросими бўлди. 

    2016-07-22 14:16:10932

 

    

Энг кўп ўқилганлар

Календарь

Боғланиш

Алоқа

Телефон: +998 93 406 05 05   
+998 90 988 54 77
Email: namnews@mail.ru

Реклама бўлими: +998 90 988 54 77, +998 93 406 48 40

Бизни кузатинг:

Facebook'даги саҳифамиз: facebook.com/namnews.uzbekistan

Twitter'даги саҳифамиз: twitter.com/namnews.uz