Миллий қадриятларимизнинг мусиқий ифодаси
Наманган санъат коллежида Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мақомчилар ансамблининг тақдимот концерти бўлиб ўтди.
– Коллежда мусиқа, қўшиқ, рақс, актёрлик каби йўналишлардаги кафедраларнинг йиллик ҳисоботини омма олдида мана шундай ижодий намойиш сифатида тақдим этиш анъанага айланган, – дейди коллеж директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Нортожи Юсупова. – Концерт дастури тарзидаги бундай ҳисоботлар бу ерда таълим олаётган ёшлар учун ҳам, уларга санъат сирларидан сабоқ бераётган устозлар учун ҳам ўзига хос имтиҳон, ижодий изланишларга ундовчи рағбат сифатида яхши самара бермоқда. Санъат соҳаси мутахассислари, шоир-ёзувчилар, кенг жамоатчилик ва ўқувчиларнинг ота-оналари таклиф этиладиган ҳисобот концертида йил давомида ўқувчи ва ўқитувчилар томонидан ўзлаштирилган янги мусиқий асарлар, қўшиқ ва рақслар омма эътиборига ҳавола қилинади. Бу галги тақдимотимизни мақом санъати бўйича тайёрладик.
Коллежнинг анъанавий ижрочилик кафедраси қошида ташкил этилган мақомчилар ансамбли хонандалари томонидан Тошкент-Фарғона мақом чолғу йўлларида яратилган “Мушкилоти сегоҳ”, “Баёт-IV”, Бузрук мақомида “Насри уз-зол”, “Қашқарча рок”, “Соқийнома рок”, “Уфори рок” мақом куй-қўшиқлари, Алишер Навоий, Муқимий, Огаҳий ғазаллари билан айтиладиган ўнлаб мумтоз ва халқ қўшиқлари ижро этилди.
Коллеж ўқувчилари Умида Аҳмадбоева, Диёра Эрматова, Дурдона Усубалиева, ўқитувчилар Таваккалхўжа Насриддинов, Камолиддин Отахонов, Ҳамидулло Мўйдинов, Абдуқаҳҳор Нишонов, Рустамжон Мирминов, Қобилжон Неъматов, Ҳошимжон Жўрахоновларнинг мақом йўналишидаги ижро маҳорати ушбу санъат ўқув даргоҳидан миллий мақом санъатимизнинг муносиб ворислари етишиб чиқаётганидан далолат берди.
Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
Қайд этиш жоизки, Наманган вилояти аҳли Президентимизнинг шу йил 19 майдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ моҳи Рамазон кунларини тинчлик- тотувликда, ўзаро аҳилликда, меҳр-оқибат ва хайру саҳоват руҳида ўтказдилар. Масжидларимизда 21 кун давомида муқаддас Қуръон ўқилиб, хатмоналар адо этилди