Шароф Рашидов: Сизга ўхшаган фидойи кишилар республикамизда саноқли

Шароф Рашидов босиб ўтган ҳаёт йўли, ўзини тарбиялаб, вояга етказган халққа бутун ҳаётини, борлиғини тиккан буюк инсоннинг фаолияти доимо биз учун намуна, ўрнак, тарбия мактаби бўлиб келган.
Мен 1968 йилдан 2000 йилгача партия аппаратида оддий йўриқчиликдан туман, вилоят партия қўмиталарида бўлим мудири, туман партия қўмитаси биринчи котиби вазифаларида ишлаганман. Шу давр ичида кўп маротаба бу улуғ инсоннинг республикамиз турли жойларида сўзлаган нутқ ва маърузаларини матбуот орқали ўқиганман ҳамда мароқ билан тинглаганман.
Баъзан ўша даврлардаги дафтарларимни варақлар эканман, бу буюк инсоннинг айтган сўзларини қайта-қайта ўқиб, завқланаман. Айниқса, сим орқали ўтказилган йиғилишларда халқ фаровонлигини ошириш йўлида олиб борилаётган ишлар ва галдаги вазифалар ҳақида жуда кўп доно фикрлар, кўрсатмалар берар эдилар. Ҳар сафарги нутқларида бир фикр, яъни барчамизни аҳилликка, биродарликка, бир-биримиз билан иноқ, ака-укалардек бир ёқадан бош чиқариб, ҳалол меҳнат қилишга даъват этар ва тўй-тантаналар соҳиби бўлишимизга тилак билдирар эдиларки, тинглаганлар ўзларида руҳий кўтаринкилик, яхши кайфият сезиб, эшитганларини жамоадошларига етказиш учун иш жойларига ошиқардилар.
1970-1980 йилларда ҳар йили Фарғона водийсига келганларида бизнинг Тўрақўр- ғон туманида ҳам бўлиб, меҳнаткашлар билан учрашиб, суҳбатлашар, ҳол-аҳвол сўрар эдилар.
Шароф Рашидовнинг хос фазилатлари орасида кишиларга меҳрибонлиги, ёш кадрларга юксак эътибор ва ғамхўрликлар кўрсатишининг гувоҳи бўлганман.
Ўзим иштирокчи бўлган икки воқеа ҳамон эсимда.
Туманимизга ташрифларидан бирида тушки овқатланишда хизмат қилиб турдим. (Ҳар гал келганларида менга шу вазифа ишониб топширилар эди). У киши мени чақириб: «Йўлда Қосимжон акани кўргандек бўлдим. Билинг-чи, агар шу яқин орада бўлсалар, таклиф этинг», дедилар. (Қосимжон ака Мамадалиев узоқ йиллар «Москва» жамоа хўжалигини бошқариб, сўнгги йилларда соғликлари туфайли енгилроқ вазифада - Сайрам қишлоқ Совети раиси бўлиб ишлаб келаётган эдилар) ташқарига чиқсам, Қосимжон ака у киши билан кўришиш умидида туман партия қўмитаси биноси яқинида эканлар. Мен уларни Шароф ака ҳузурларига олиб кирдим ва уларга ҳам эндигина қуйилган кўк чучварадан олиб келдим.
Қосимжон ака соғликлари ҳақида гапирди. Ш. Рашидов анча таскин бериб: « - Сизга ўхшаган фидойи кишилар республикамизда саноқли. Сизлар узоқ йиллар ҳалол ва самарали меҳнат қилдингиз. Эндиликда биз сизларни асраб-авайлашимиз, хизматларингизни қадрлашимиз зарур. Кексаликда сизларга яхши шароитлар қилиб бериш бизнинг вазифамиздир. Мен соғлиқни сақлаш вазирига тайинлайман. Сизни Тошкентда ҳукумат шифохонасига жойлаштириб, яхшилаб даволашади, сўнгра марказий сиҳатгоҳлардан бирига юбориб, у ерда ҳам бирор ой дам олиб қайтасиз. Энди бундан буён сиз фарзандлар, набиралар даврасида мириқиб дам олишингиз, шу билан бирга тумандаги ёш кадрларни тарбиялашда узоқ йиллик тажрибаларингиз билан туман ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол ёрдамлашиб, турсаларингиз, бас», - дедилар.
Қосимжон ака ўринларидан туриб, миннатдорчилик билдирдилар. Мен у кишини ташқарига кузатиб чиқдим...
Эндигиси шахсан ўзимга оид хотира.
1979 йили вилоят партия қўмитаси умумий бўлими мудирлигига тавсия этилдим. Марказқўмга бориб, ўша даврда ташкилий бўлим мудирининг биринчи ўринбосари Раҳматулла Абдуллаев қабулига кирдим. У киши мени олтинчи қаватга – Ш. Рашидов қабулларига олиб кирдилар. Хонага киришим билан Шароф ака стулдан туриб, мен билан исмимни айтиб, қўл бериб сўрашдилар. Олдиларида менинг «шахсий дела»м турар эди. У киши «Умархон, мен сизни таржимаи ҳолингиз, ота-оналарингиз ҳақида тўла маълумотга эгаман. Сиз тавсия қилинган вазифа ниҳоятда масъулиятли, деб яна соҳага оид бир-икки ишлардан гапириб, муваффақият тиладилар. Сизнинг туманда ҳам шу соҳада фаолият юргизганингиздан хабардорман. Лекин бу вазифанинг вилоят миқёсида анча мураккаблик томонлари ҳам бор. Бизда шу соҳани ҳужжатлар, ариза ва шикоятлар билан ишлаш бўлимимиз мудири Қаландар Тоирович анчагина яхши даражаларга кўтарган.
Бутуниттифоқ семинар-кенгаши чақи-рилиб, соҳанинг Иттифоқдаги масъул ходимлари республикамизга келишиб, жойларда бўлиб, яхши таассуротлар олиб қайтдилар. Шунинг учун бу ерда бирор ҳафта ишларни ўрганиб қайтсангиз, яхши бўлар эди. Бу стажировка вилоятдаги фаолиятингизда асқотади, - дедилар. - Сиз Раҳматулла Ҳамидуллаевич Маҳкамбойга (Маҳкам Камолов Наманган обкоми биринчи котиби) қўнғироқ қилиб, Умархоннинг суҳбатдан ўтганини ҳамда менинг таклифимни етказинг, - деб тайинладилар.
Бўлиб ўтган ана шу воқеани мен сафдошларимга, дўстларимга завқ-шавқ билан бир неча бор гапириб берганман, собиқ Иттифоқда номдор раҳбар, Ўзбекистоннинг ўша даврдаги чинакам раҳнамоси бўлган Шароф ака вилоятлардаги бўлим мудирларига қадар эътиборли ва ғамхўр эди.
Шароф Рашидовдаги айтиб ўтилган фазилатлар ҳаётим давомида, турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган давримда, айниқса, кадрлар билан ишлашда мен учун дастуриламал бўлиб хизмат қилган.
Умархон БУРҲОНОВ, меҳнат фахрийси.
Мавзуга оид
Энг таажжублиси шаҳарда ер, уй-жой масаласида қонунсизликнинг ҳаддан зиёд болалаганидир. Ҳоким Ахсикент массивида ерфурушлик қилаётганлирни, бунга уй-жой сектори, архитектура томошабин бўлиб турганига йиғилганлар эътиборини қаратди. Шаҳар замини бир ҳовуч ер олиб сотувчилар, бетон қуйиб сотувчилар, ҳовли қуриб сотувчилар қўлида экани бугун кўпчиликка маълум. Уларнинг нафси жиловланмас экан, ҳар бир наманганликни уйли-жойли қилиш амри маҳол.
“Рио – 2016”дан олимпиадачиларимиз Ватанимизга 4 олтин, 2 кумуш, 7 бронза медални олиб келди
Бугунги Ўзбекистон - Сурия учрашуви олдидан терма жамоамиз ярим ҳимоячиси Сардор Рашидов ўз фикрларини билдирди.
Шароф ака айнан ўша йилдан Фарғона вилоятига, жумладан Қувасой шаҳрига тез-тез ташриф буюриб турардилар. Ўшанда Қувасойда фақатгина иккита цемент комбинати ва ғишт заводи ишларди. Комбинатдан ҳар куни 180 тонна цемент чанги кўтарилиб уйларнинг томларига, ҳовлилар боғ-роғларга ёғилар, экологик ҳолат ниҳоятда ёмон эди. У киши аҳволни ўнглаш учун нима қилиш керак, деб сўрадилар.